Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Аграр университетда 3 йиллик таълим жорий этилади

Аграр университетда 3 йиллик таълим жорий этилади

Фото: Xabar.uz

Президентнинг 2026 йил 11 апрелдаги қарорига мувофиқ, Тошкент давлат аграр университети фаолиятини такомиллаштириш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланди. Унга кўра, 2026–2027 ўқув йилидан бошлаб аграр олий таълим муассасаларида айрим йўналишлар бўйича 3 йиллик таълим дастурлари жорий этилади.

Ҳужжатда 2030 йилга қадар университетни халқаро рейтингларнинг топ-500 талигига киритиш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш ҳажмини 3 бараварга ошириш ва аккредитациядан ўтган дастурлар сонини 4 баравар кўпайтириш вазифалари белгиланган.

Шунингдек, янги таълим модели назарий билимлар ва амалий кўникмалар уйғунлигини таъминлашга қаратилган бўлиб, талабаларни бозор талабларига мос кадр сифатида тайёрлаш мақсад қилинган.

Янги тизимга кўра, ўқув жараёни босқичма-босқич амалиётга йўналтирилади. Биринчи курсда дарсларнинг 60 фоизи назарий, 40 фоизи амалий бўлади.

Иккинчи курсда назарий ва амалий машғулотлар тенглаштирилиб, ҳар бири 50 фоизни ташкил этади. Учинчи курсда эса асосий эътибор амалиётга қаратилган бўлиб, 70 фоиз амалий, 30 фоиз назарий дарслардан иборат бўлади.

Бундан ташқари, юқори курс талабалари учун ўқиш жараёнидан ажралган ҳолда 4 ойлик узлуксиз дуал таълим жорий этилади.

Қарорда университетнинг халқаро нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, халқаро рейтинг ташкилотлари билан ҳамкорликни кучайтириш ва таълим сифатини глобал стандартларга мослаштириш режалаштирилган.

Илмий тадқиқотларни тижоратлаштириш орқали университетнинг молиявий барқарорлигини ошириш ҳам устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг