Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернати: Ўзбекистон таълимида янги саҳифа

Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернати: Ўзбекистон таълимида янги саҳифа

фото: https://abis.education/gallery/

Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернати иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш, уларнинг билим ва кўникмаларини халқаро стандартлар асосида янада ривожлантириш ва энг муҳими — дунё миқёсида тан олинган TOP–50 рейтингдаги университетларга ўқишга тайёрлаш учун махсус ташкил этилган.

Бу ерда ҳар бир дарс, ҳар бир лойиҳавий топшириқ ва ҳар бир муҳокама ўқувчиларнинг дунёқарашини глобал миқёсга олиб чиқиш ҳамда инсоният тараққиётида ўз ўрнини топишга йўналтирилган.

Жорий йилда мактабга илк қабул жараёнлари ташкил этилиб, 16 000 дан зиёд номзодлар ичида 60 нафар энг юқори натижа кўрсатган ёшлар ўқишга қабул қилинди. Имтиҳонлар математика ва инглиз тили бўйича икки босқичда Республика ҳудудларида ўтказилди.

Ал-Беруний мактабида таълим тизими Швейцариянинг “International Baccalaureate Diploma Programme” дастури асосида ташкил этилган. Бу дастур дунёнинг 160 дан ортиқ давлатларида эътироф этилган халқаро ўқув модели ҳисобланади. Дунё бўйлаб IB тизимида фаолият юритаётган мактаблар сони 6 мингдан зиёд бўлиб, уларда 1,95 млн ўқувчи таълим олмоқда.

IB таълим дастури тўрта босқичдан — PYP (бошланғич), MYP (ўрта), DP (диплом дастури) ва CP (касбий йўналиш)дан иборат бўлиб, 3 ёшдан 19 ёшгача бўлган ўқувчиларнинг ҳар томонлама ривожланишини қамраб олади. Ал-Беруний мактаби Ўзбекистон тарихида, қолаверса, Марказий Осиёда IB Diploma Programme (DP) дастурини амалда жорий этган илк давлат мактаби сифатида ташкил этилди. Жумладан, бугунги кунга қадар IB ташкилоти томонидан икки босқичли дастлабки баҳолаш ташрифлари амалга оширилиб, мактаб IBнинг барча талабларидан муваффақиятли натижалар билан ўтди.

Бугунги кунга қадар мактаб томонидан 20 га яқин халқаро таълим ташкилотлари ва етакчи университетлар билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Жумладан, Австралиянинг Sydney (QS–25) ва Monash (QS–36) университетлари, Буюк Британиянинг Kaplan International ташкилоти ҳамда Cardiff ва Sussex университетлари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Шунингдек, АҚШнинг “Ivy League” — дунёдаги энг нуфузли университетлар иттифоқига кирувчи Harvard, Yale, Brown, Cornell ва Columbia университетлари билан ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

IB фалсафасининг марказида инсонпарварлик ва “дунё фуқароси” бўлиш тамойили туради. Дастур ўқувчиларга чуқур академик билим бериш билан бирга, уларни танқидий ва мустақил фикрлашга, ижтимоий масъулиятни ҳис этишга ҳамда турли маданиятларни ҳурмат қилишга ўргатади.

фото: https://abis.education/gallery/

IB тизимининг афзаллиги шундаки, у ўқитувчини билим берувчидан кўра, янги фикр ва ғояларни шакллантирувчи мураббий сифатида кўради. Хусусан, “Билим назарияси” (TOK), “Кенгайтирилган иншо” (EE) ва “Ижодкорлик, Фаолият, Хизмат” (CAS) модуллари ўқувчиларнинг интеллектуал ва маънавий етуклигини бир бутунликда ривожлантириб боради.

Бундан ташқари, мактаб битирувчиларига давлат стандартларидаги шаҳодатнома билан бир қаторда IB дипломи ҳам берилади. Мазкур диплом битирувчиларга дунё рейтингидаги TOP–50 университетларга имтиёз асосида кириш ҳамда бакалавриат дастурини 4 йил эмас, 3 йил ўқиш имконини беради.

Айнан шу жиҳатдан, Ал-Беруний мактаби бугун Марказий Осиёда IB Диплом дастурини тўлиқ амалга ошираётган илк давлат мактаби сифатида тарихда ўз ўрнини эгаллади.

Таъкидлаш лозимки, мактабда таълим тизими шахсга йўналтирилган дастур асосида ташкил қилинган бўлиб, ўқувчиларга индивидуал менторлар бириктирилган. Бу ёндашув уларда нафақат академик ривожланиш, балки психологик ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини ҳам мустаҳкамлайди.

фото: https://abis.education/gallery/

Дарс жараёнида “кичик гуруҳларда ишлаш” амалиёти йўлга қўйилган бўлиб, бу ўқувчиларга фикр алмашиш, баҳс-мунозара орқали фактларни излаш имконини беради. Мактабда дарслар тўла инглиз тилида олиб борилиб, қўшимча равишда яна икки чет тилини чуқур ўрганиш, илмий тадқиқот ва стартап лойиҳаларда иштирок этиш, халқаро олимпиада ва танловларда қатнашиш имконияти мавжуд.

Бундан ташқари, IB ўқувчи профилидаги 10 та фазилат — тадқиқотчи, фикрловчи, ўз дунёқарашига эга, ҳалол, ғамхўр, очиқ фикрли, мувозанатли, тафаккурли, таваккалдан қўрқмайдиган ва мулоқотчан бўлиш — Ал-Беруний мактабининг маънавий асосини ташкил этади.

IB тизимидаги баҳолаш методикаси Ал-Беруний мактабининг кучли жиҳатларидан биридир. Бу тизим нафақат тест ва имтиҳонларга, балки ўқувчининг мустақил таҳлил, тадқиқот, ижодкорлик ва ижтимоий фаоллигига асосланади.

Баҳолаш жараёнида ўқувчилар ички (мактаб ичида) ва ташқи (IBнинг халқаро экспертлари томонидан) имтиҳондан ўтказилади. Баҳолаш натижалари ўқувчиларнинг билимини эмас, балки уларнинг тафаккур даражасини ўлчамоқда.

Ал-Беруний мактаби истиқболда халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришни, IB ўқитувчилари малакасини оширишни, рақамли ва STEAM йўналишларини чуқурлаштиришни, шунингдек, ўқувчиларни илм-фан ва технологиялар кесишган нуқталарда ўқитишни мақсад қилган.

Мазкур йўналишда ҳар йили энг юқори академик кўрсаткичларга эришган ўқувчиларни хориждаги Гарвард, Стэнфорд, MIT, Оксфорд ва Кембриж каби нуфузли университетлар қошида ташкил этилган ёзги оромгоҳларга юбориш ва университет қабул талаблари ҳамда ҳаёти билан яқиндан таништириш, мактабни якунлагач мазкур университетларда ўқиши мақсад қилинган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, бугун Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернати бу оддий ўқув муассасаси эмас. У муҳтарам Президентимизнинг Янги Ўзбекистон таълим соҳасидаги ислоҳотлари натижаси, миллий тафаккур ва глобал дунёқарашни уйғунлаштирган ноёб таълим масканидир.

 

Жавоҳир Аҳмедов,
Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернати ижрочи директори

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг