Ангрен ИЭС мурожаати ортидан катта миқдордаги маблағ қайта ҳисобланмоқда
Рақобат қўмитаси томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида “YEROSTIGAZ” АЖ томонидан асоссиз олинган қарийб 2,8 миллиард сўм пул маблағларини якуний истеъмолчига қайта ҳисоб-китоб қилиш белгиланди.
Рақобат қўмитасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасига Ангрен шаҳрида фаолият юритувчи “ANGREN ISSIQLIK ELEKTR STANSIYASI” АЖ мурожаат қилган. Мурожаат юзасидан ўтказилган ўрганишлар давомида қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
Маълум бўлишича, “YEROSTIGAZ” АЖ томонидан 2024 йил февраль ойида етказиб берилган газ учун амалдаги 135 969 сўм тариф ўрнига, белгиланган тартибда декларация қилинмасдан 265 536 сўмлик оширилган тариф қўлланилган. Натижада ушбу ойда 1,8 млрд сўмдан ортиқ маблағ асоссиз равишда ундирилган.
Шунингдек, март ойида 12 кун давомида қарийб 1 млрд сўм миқдорида ортиқча маблағ олингани аниқланиб, жами асоссиз ҳисобланган сумма қарийб 2,8 млрд сўмни ташкил этган.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан ҳудудий бошқарманинг Махсус комиссияси томонидан “YEROSTIGAZ” АЖга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 239-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талабларини бузиш аломатлари билан иш қўзғатилди. Қарорга мувофиқ, жамиятга молиявий жарима қўллаш белгиланган.
Бундан ташқари, қонунбузилишларни бартараф этиш, келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик ҳамда асоссиз ҳисобланган қарийб 2,8 млрд сўм маблағни якуний истеъмолчига қайта ҳисоб-китоб қилиш бўйича мажбурий кўрсатма берилган.
Мазкур иш ҳозирда суд тартибида кўриб чиқилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter