АҚШ Ҳўрмуз бўғози бўйича янги коалиция тузишни таклиф қилди
АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар ҳаракатини таъминлаш мақсадида янги халқаро коалиция тузишни таклиф қилди. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри манбаларга таяниб хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, ташаббус Maritime Freedom Construct (MFC) деб номланади. АҚШ Давлат департаменти ушбу ғояни дипломатик каналлар орқали илгари суриб, элчихоналарга бошқа давлатларни коалицияга қўшилишга кўндириш бўйича кўрсатма берган.
Янги формат иштирокчилар ўртасида ахборот алмашиш, дипломатик ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва санкциялар ижросини таъминлашни назарда тутади. Расман ҳарбий иттифоқ сифатида кўрилмаётган бўлса-да, давлатларга «дипломатик ва ёки ҳарбий шерик» сифатида иштирок этиш имконияти таклиф этилмоқда.
Ҳужжатда қайд этилишича, MFC мавжуд денгиз хавфсизлиги ташаббусларини тўлдиради. Хусусан, Буюк Британия ва Франция раҳбарлигидаги денгиз хавфсизлиги бўйича ҳаракатлар билан уйғун ишлаши кўзда тутилган.
Маълумотларга кўра, Ҳўрмуз бўғози февраль ойи охиридан буён Эрон томонидан ёпилган. Кейинчалик АҚШ ҳам Эрон портларига кирувчи кемаларни чеклаш орқали блокадани кучайтирган. Бу эса глобал нефть таъминотига жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароғчи Покистон орқали Вашингтонга янги таклиф йўллаган. Унга кўра, ядро музокаралари кейинги босқичга қолдирилиб, аввал АҚШ томонидан жорий этилган денгиз блокадаси бекор қилиниши керак.
The Wall Street Journal маълумотига кўра, Трамп маъмурияти Эрон иқтисодиётига босимни кучайтириш мақсадида портлар блокадасини давом эттириш тарафдори. Оқ уйдаги манбаларга кўра, бу стратегия Теҳронни иқтисодий инқирозга олиб келиши мумкин деб баҳоланмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter