Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бола асраб олмоқчи бўлган аёл қўрқяпти. Руҳшунос нима дейди?

Бола асраб олмоқчи бўлган аёл қўрқяпти. Руҳшунос нима дейди?

Фото: Seekersguidance.org

«Менинг ёшим 29 да, саккиз ёшли қизим бор. Бошқа фарзандим йўқ. Мана, бир неча йилки, турмуш ўртоғим билан даволанмаган жойимиз қолмади. Оиламиз тўкис, эрим жуда яхши пул топади. Аммо одамларнинг менга нисбатан «туғмас» деган гаплари жонимга тегди. Баъзи қариндошлар ҳатто, «ажрашинглар», дейишяпти. Қизимга мактабида биттаси «сенинг ака-уканг йўқ, ёлғизсан», дебди. Уйга келиб: «Ойижон, нега менинг укам, синглим йўқ?» дея хафа бўлди. Турмуш ўртоғим фарзанд асраб олишни таклиф қиляпти. Лекин уни атрофдагилар кейинчалик асранди дейишидан қўрқаман. Таваккал қилаверайми, нима дейсиз?»

Ю.У.

Савол берган бу аёлда ички айбдорлик ҳисси кучли. У «турмуш ўртоғимга фарзанд туғиб бера олмаяпман», деб фақат ўзини айблаяпти. Инсон нимадан қўрқса, яъни «фалон иш бўлса-я, одамлар гапирса-я» деб қанчалик кўп гапираверса, худди шу ташвишлар бошига тушади.

Айбдорлик ҳисси кўпайган сари фарзандли бўлиш имконияти ҳам камайиб боради. Гап шундаки, бундай одам ички норозилиги билан бирга Худога шукр қилмасдан, аксинча, «Қачон фарзанд берасан, берасанми ўзи?» дея уни койиган бўляпти.

Агар аёл фарзандсизликдан тамоман тушкунликка тушган бўлса, бу ҳолат ҳам оналикка эришиш йўлида тўсиқ сифатида хизмат қилади. Аслида эса мазкур вазиятга дуч келган аёл ички айбдорлик ҳиссидан воз кечиб, кўнглидаги эътиқоди-ю ихлоси билан ҳаракат қилса, атрофдагиларнинг гап-сўзини енгиб, боши берк кўчадан ғалаба билан чиқиши мумкин.

Инсонни ҳар қандай мураккаб вазиятдан олиб чиқадиган туйғу, бу – ишонч. Шифокорлар томонидан «тузалмайди» деб ташхис қўйилиб, айнан ҳаётга бўлган ишончи туфайли соғайиб кетган беморлар бунинг яққол мисолидир.

Савол берган аёлга ҳам фақат ана шу ишонч ёрдам беради. «Ким нима деса, десин. Менинг фикрим уларникидан устун. Мен қандай бўлмасин, фарзандли бўламан. Истасам, фарзанд боқиб оламан. Бу менинг ишим, менинг ҳаётим», – десин-у, ўзининг умр йўлига, хоҳишига эътиқоди кучли бўлсин.

Қолаверса, биринчи фарзандни дунёга келтирган аёлнинг яна бир бор она бўлиш имконияти шу муаммодан азият чекаётган аёлларга нисбатан кўпроқ. Савол эгасини турмуш ўртоғи билан бирга нафақат жисмонан, балки руҳан текшириб, психологик тавсияларни ҳам бериш керак.

Бахтинисо Азимбоева, шифокор-руҳшунос

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг