Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Чинакам ривожланиш қалбдан бошланиши керак...

Чинакам ривожланиш қалбдан бошланиши керак...

Тошкент вилоятининг Бекобод туманида юртимиздаги бир қатор таниқли олимлар, жумладан, юридик фанлари доктори ва профессор Ҳалимбой Бобоев, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг ҳақиқий аъзоси – академик, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов, психология фанлари доктори, профессор, академик, “Профи” университети ректори Ғайрат Шоумаров,  шунингдек, иқтисодиёт фанлари доктори, академик, Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Ислом иқтисодиёти ва молияси, зиёрат туризми” кафедраси профессори Нурислом Тўхлиев иштирокида “Ҳаётимиз файзи – устозлар билан” мавзуcида илмий анжуман ўтказилди.

Туман ҳокими З. Низомиддиновнинг ташаббуси билан ташкил этилган ушбу тадбирда турли соҳа вакиллари, маҳалла ёшлар етакчилари ва фаоллари, маънавият мутасаддилари, ўқитувчилар, давлат ташкилотлари ходимлари иштирок этишди. Тадбир қизиқарли савол-жавобларга бой бўлди.

Саодат – маънавият ва моддият мувозанатида

– Ҳуқуқ ва бурч доим бирдек келади. Танганинг икки томони бор. Қанчалик ҳуқуқ берилса, шунчалик масъулият ҳам ошиб боради, — дейди сўзга чиққан олим Ҳалим Бобоев. — Янги Ўзбекистондаги оддий фуқаро сифатида охирги ўзгаришлардан, давлат сиёсати, энг аввало, инсон қадрига қаратилгани, жадал ислоҳотлар шукуҳи билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Бу улуғвор ишларга ҳар биримиз ўзимизнинг муносиб улушимизни қўшсак, давлатимиз тез ривожланади. Бугунги ёшлар саодатга эришмоқ учун маънавий ва моддий дунёнинг мувозанатига эришмоғи керак.

Ёшлигимиз Бекободда ўтган. Шу сабабли бундай дилбар тадбирга таклиф этишганида дарров рози бўла қолдим, — дея сўзини давом эттиради нотиқ. — Бахтга фақат меҳнат билан эришилади. Ҳаётда эзгу ният, эзгу сўз ва эзгу амал билан тўғри юриш керак. Ёшларимиз ота-онасини асраши лозим. Ҳозир айтаманки, агар ота-онам тирик бўлишганида, мен уларни қўлимда кўтариб юрар эдим. Лекин баъзан “уларнинг хизматларини тўкис қилолдиммикин”, деган савол мени қийнайди...

Ўзимни бой деб ўйлайман. 60 йилдан буён дарс бераман. Қаерга бормай 4-5 нафар шогирдларим пешвоз чиқишади. Бошқа мамлакатларда ҳам яшашади. Бундан ортиқ бойлик бўладими инсон учун? Бугун Ўзбекистон очиқ, дунё очиқ. Тилларни пухта билиш керак. Ёшлар жаҳонга шунчаки эмас, балки катта илм ва маърифат билан чиқиши керак. Биз олимлар ҳам жим қараб туришга ҳақимиз йўқ, илм-фан ва ҳуқуқ йўналишида қўлдан келгунча тараққиётга ҳисса қўшдик, қўшяпмиз ва бундан кейин ҳам қўшамиз.

Ҳаловатда олий бахт бор

– Мустақилликнинг 34 йиллиги катта сарҳисоб учун арзирли давр. Биз уч даврни қиёслаб, таққослаш имкониятига эгамиз. Ижтимоий катта муаммоларга эга бўлган ўтиш даври қийинчиликларини бошимиздан ўтказдик. Бугунги кундаги янгиланишлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Халқ билан мулоқотга асосий эътибор қаратилди, — дейди сўзга чиққан академик, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов. — Муҳтарам Президентимизнинг улкан бунёдкорлик сиёсати билан бугунги таҳликали дунёда юртнинг мана шундай жадал тараққиётини кўриш, унинг иштирокчисига айланиш – бу фақат бахт.

Бекобод туманининг 80 км.дан ортиқ чегараси қўшни Тожикистон билан туташ. Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон билан чегаралар масалалари ҳал бўлганини сизлар кундалик ҳаётингизда ҳис қилиб турибсиз. Бу жуда оғир, эҳтимол ҳал қилиб бўлмайдиган муаммодек туюларди. Сиёсатчининг донолиги, интеграция йўлидаги қатъий иродаси, энг олис ҳудудлардаги оддий одамлар дардини юраги призмасидан ўтказиб чоралар кўраётгани ана шундай тарихий натижаларни берди.

Бугунги кунда “Учинчи Ренессанс” ғояси илгари сурилди. Бу ҳавойи гаплар эмас. Ёшларимиз катта ихтироларга қўл уряпти. Жаҳоннинг ТОП-10лик олийгоҳларида ўзбек талабалари сафи кенгаймоқда. Биз келгуси баркамол авлодга ишониб, катта инвестиция киритиб, қамров ва сифатни ошириб қўйган марраларимизга эришамиз, албатта.  

Оила бахти – жамият бахтидир

— Биз одатда ёшлар билан учрашардик. Туман марказида ўтаётган бугунги давра иштирокчилари турли соҳа вакилларидан иборат экан, менга жуда манзур бўлди. Ҳозир жуда яхши замонда яшаяпмиз. Муқаддам бугун халқимиз мана шундай фаровон яшашини тасаввур ҳам қила олмас эдим, — дейди сўзга чиққан психология фанлари доктори, профессор, академик, “Профи” университети ректори Ғайрат Шоумаров. — Мутахассис сифатида айтишим мумкинки, раҳбар психологияси, ижодкор психологияси, аёллар ва эркаклар психологияси, ўқитувчилар психологияси, ёшлар психологияси бор.

Дунёни ўзингиз кузатиб турибсиз. Афсуски, оила институти жуда оғир аҳволга тушиб қолди. Бир пайтлар урушлардан эшелонлаб етим болаларни битта қолдирмай ўз бағрига олган миллатнинг айрим маънавиятсиз шахслари бугун ўз фарзандини кўчага олиб чиқиб сотяпти. Шундайлар орамизда борлиги изтиробли. Миллий қадриятларимизга бефарқликка тоқат қилмаслик керак, — дея куюнчаклик билан давом этади академик Ғ.Шоумаров. – Оила бахти – жамият бахтидир. Оилада муносабатга киришувчи томонларнинг бир-бирига эҳтиром ва ҳурмати бу хилқатни мустаҳкамловчи энг асосий омилдир. Психологик саводсизлигимиз юқори. Одатда элиментар нарсаларни ҳам билмаймиз. Ажримлар кўпаётгани, қўйди-чиқдилар кўпаётганига барчамиз бирдек масъулмиз.

“Оила психологияси” китобининг муаллифи сифатида айтишим мумкинки, оилавий инқирозли ҳолатларнинг турли босқичларида ёшларга тўғри йўлни кўрсатишимиз лозим. Муаммоларни биз ҳал қилмасак, ким ҳал қилади? Психологик қонуниятлар, жинсий тарбия соатларини, муҳаббат талқинларини тизимли ўқитишимиз керак. Албатта, биздан кейинги авлод қандай бўлиши, кўп жиҳатдан етук ёшдаги биз каби шахсларга боғлиқ бўлади. Ва бу даврада ўтирган ҳеч биримиз ушбу вазифамизни унутмаслигимиз лозим.

Ўзига тўқларгина бошқаларнинг бошини силай олади

— Бугун замонавий технологиялардан бемалол фойдалана оладиган йигит-қизларимизга тарбиянинг қандай шакли кераклигини теран англашимиз зарур, — дейди сўзга чиқар экан, иқтисодиёт фанлари доктори, академик Нурислом Тўхлиев. — Яқинда менга бир шогирдим савол берди: халқни бирлаштирадиган тилми, динми ёки иқтисодий омилларми? Қай бирини бирламчи, деб ҳисоблайсиз устоз, деб қолди?

Иқтисодиёт албатта бирламчи, ўзига тўқ одам бировнинг бошини силай олади. Осиё иқтисодиётида локомотив давлат бўлган Сингапур давлатини олинг. Учта тил, учта дин, учта миллат вакиллари яшайдиган жуда ғаройиб мамлакат. Ер ости ресурслари мутлақо йўқ. Битта ютуғи, очиқ денгизи бор. Мамлакат катта тараққиётга эришди. Иқтисодий ислоҳотларни тўғри йўлга қўя олди. Қайси даврда иқтисодиёт барқарор ривожланган бўлса, ўша даврда илм-фан, тиббиёт, дин, барча соҳалар бирдек юксалган. Бугунги кунда мана шу каби изчил ислоҳотлар ҳаётимизда жадал амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, камчиликларимизни ҳам очиқ айтишимиз, ойнага тик қарашни ўрганишимиз лозим. Биз ҳалигача Авлоний, Фитрат, Беҳбудий каби жадид боболаримизни ўйлантирган маиший муаммолардан қутулиб кета олмаётганимиз ҳам рост, — дея давом этади иқтисодиётчи олим. – Ёшларимизга қарасангиз, уларнинг юриш-туриши, ўзини тутиши, гап-сўзлари қандай эркин ва дадил. Ҳеч бирининг эгни қисиқ эмас. Ҳавас қилса арзийди. Бу ҳам Янги Ўзбекистонда кечаётган янги ҳаётий тутумнинг ёрқин белгиси, янги даврнинг нафаси ифодасидир. Ана шу фарзандларимиз энди ўзини, ўзлигини, кимнинг фарзанди эканини чуқур англаб олишлари керак.

Дунёда кечаётган урушлар инсоннинг бир парча нон каби қадри йўқлигини кўрсатяпти. Шу сабабли юртимизнинг эрки ва мустақиллиги нақадар улуғ неъмат эканлигини унутмаслик керак. Сув ўз йўлини топгани каби, глобаллашган дунёда ёшларимиз шу Ватаннинг қадрини билган ҳолда ўзининг тўғри ўзанини топиб олиши керак. Бу жараёнда барчамиз, айниқса, биз олимлар яқиндан кўмак ва ёрдам беришимиз зарур. Чинакам ривожланиш қалбда бошланиши керак. Озод ва эркин инсоннинг қалби билан ишламоқ керак, соф инсоний кечинмаларни улуғлаб камолга етказишимиз жуда муҳим.

Тадбир сўнггида мунозараларда фаол иштирок этган, эътиборли саволлар берган иштирокчиларга 100 дан ортиқ китоблар академиклар дастхатлари билан туҳфа этилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг