Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Энди аввал нархларни ошириб сўнг чегирма эълон қилиш тақиқланади

Энди аввал нархларни ошириб сўнг чегирма эълон қилиш тақиқланади

Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ўзбекистонда чакана савдо қоидаларига ўзгартиришлар киритилди.

Унга кўра, эндиликда савдо қоидалари «рағбатлантирувчи акция», «нархнома», «чегирма нарх» ва «чегирма нархгача» каби янги тушунчалар билан тўлдирилди.

Жумладан, агар сотувчи товарнинг чегирмагача бўлган нархини кўрсатсагина, бу «чегирма» деб ҳисобланади. Акс ҳолда, бу шунчаки товар нархини арзонлаштириш сифатида баҳоланади.

Бундан ташқари, чегирмада кўрсатилган, чегирма нархгача бўлган нарх (қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан ташқари) чегирма эълон қилингунга қадар охирги 30 кундаги энг паст нарх бўлиши керак. Бу қоида сотувчиларнинг сунъий равишда нархни ошириб, кейин уни чегирма сифатида тақдим этиб, истеъмолчини чалғитишига чек қўяди.

Рағбатлантирувчи акцияларни ўтказишда ҳам сотувчиларга аниқ талаблар қўйилмоқда. Биринчидан, сотувчи акция эълон қилинганда унинг шартларини, жумладан, амал қилиш муддати, товарлар номи, миқдори ва сотиб олиш шартларини истеъмолчиларга аниқ ва тушунарли тарзда етказиши шарт. Иккинчидан, акция эълон қилингандан сўнг унинг шартларини ўзгартириш ёки товар нархи ҳақида нотўғри маълумот бериш қатъиян тақиқланади.

Чегирма ёки акция оммавий тадбир тарзида ўтказилса, мавжуд тартиб-таомилларга риоя қилиниши, ваколатли идоралардан рухсатнома олиниши керак бўлади.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, эндиликда:

  • алкоголь, тамаки ва никотин маҳсулотларига акция ёки чегирма қўллаш тақиқланади;
  • нархни сунъий равишда ошириб, кейин тушириш орқали «чегирма» сифатида кўрсатиш ман этилади;
  • акция ёки чегирма ҳақидаги маълумотлар солиқ органларига 10 кун олдин тақдим этилиши керак;
  • қоидаларга риоя қилмаган тадбиркорларга жавобгарлик чораси қўлланади.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг