Ерда ҳаёт 3,3 миллиард йил олдин пайдо бўлган — тадқиқот
Ерда ҳаёт 3,3 миллиард йил олдин пайдо бўлган — Карнеги фан институти олимлари сунъий интеллект воситасида қадимги жинсларни геокимёвий таҳлил қилиш орқали шундай хулосага келишди.
Катта илмий ходим Роберт Хейзеннинг айтишича, алгоритм тирик организмлар қолдирган ўзига хос кимёвий «акс-садо»ни аниқлашда ёрдам берди. Бундай сигналларни шу пайтгача сезмаганмиз, фақат сунъий интеллект ва янги таҳлил усуллари уйғунлигида уларни тўғри талқин қилиш учун йўл очилди, деди олим.
Тадқиқотчилар геокимёвий маълумотлар, газ хроматографияси ва масс-спектрометрия усулларини бирлаштиришди. Бунда биологик жараёнлар молекулаларнинг чекланган тўпламини ҳосил қилиши ва тоғ жинсларида ўрнашиши ҳисобга олинди.
Икки йил олдин мутахассислар ўргатилган нейротармоқлар биоген изларни абиоген моддалардан тахминан 90 фоиз аниқлик билан ажрата олишини аниқлаган эдилар. Қадимги тоғ жинсларидан тортиб замонавий организмларнинг тўқималаригача бўлган бир қатор синовлардан сўнг, олимлар ушбу усул барқарор ишлашига ишонч ҳосил қилишди.
Тўрт юзта намуна таҳлили қуйидагиларни кўрсатди:
- ҳаётнинг илк кимёвий белгилари Жанубий Африка Республикаси ва Эсватини чегарасидаги Йозефсдал ҳудудидаги 3,3 миллиард ёшли жинсларда мавжуд;
- фотосинтезловчи илк организмларнинг белгилари Куруман ҳудудида топилди, бу ерда 2,5 млрд йиллик тоғ жинслари мавжуд.
Маълумот учун: шу пайтгача илк ҳаёт излари фақат 1,7 миллиард йилгача бўлган жинсларда топилган. Янги тадқиқот бундай топилмаларнинг ёшини икки бараварга ошириб, Ерда фотосинтез қачон пайдо бўлгани ҳақидаги тасаввурларни ўзгартиради.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter