Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Фарғонада Украинага қарши урушдан қочиб келган йигит судланди

Фарғонада Украинага қарши урушдан қочиб келган йигит судланди

Фарғона туман суди 24 ёшли А.Қ.ни Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми билан айблаб 3 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Суд тергови баённомасида қайд этилишича, А.Қ, 2022 йил 3 февраль куни ишлаш учун Россиянинг Москва шаҳрига боради. У ерда кўча тозаловчиси бўлиб ишлаб юриб, гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятни содир этганлиги учун Россия Федерацияси ҳуқуқ тартибот идора ходимлари томонидан қўлга олинади ва 7 йилга қамалади.

У Екатеринбургдаги «ИК-5» сонли қамоқхонада жазо муддатини ўтаб келиб, жазодан озод бўлиш ва Россия фуқаролигини олиш илинжида РФ Қуролли кучлари таркибига қўшилишни ва Украинага қарши олиб борилаётган урушга қўшилишни режа қилади. 2024 йил ноябрь ойининг ўрталарида Россия фуқаролигини олиш учун ариза топширади ва  2024 йил 27 ноябрида 21 кунлик дастлабки ҳарбий тайёргарликдан ўтиш учун Донецк Халқ Республикаси ҳудудига жўнаб кетади.

Дастлабки ҳарбий тайёргарликдан ўтган А.Қ. ДХРнинг Головка шаҳрига бориб, у ерда ҳарбий ҳаракатларни олиб бораётган россиялик ҳарбий хизматчиларга мотоциклда озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш вазифасини бажаради. Шу тариқа, А.Қ. тахминан 8 ой давомида мазкур вазифада ишлайди.

2025 йил август ойи ўрталарида эса РФ Қуролли кучлари таркибидан чиқиб кетишни мақсад қилиб, хизмат жойидан қочиб, 2025 йил 28 август куни «Москва-Фарғона» йўналишидаги авиарейсда Ўзбекистонга қайтиб келган.

Судланувчи А.Қ.нинг билдиришича, у Москвада ишлаб юрганида Элмира исмли қиз билан танишиб қолади ва у билан юрган кунларининг бирида текширувда ўша қизнинг ёнидан гиёҳвандлик моддаси чиқади ва А.Қ. ҳам шу иш бўйича судланиб қамалади.

Қамоқда эса уни бир сабаб билан 3 ой карцерда сақлаб, сўнг колония бошлиғи чақирган ва унга Россия томонидан урушга кириш таклифини берган. Агар ушбу таклифни рад этса жазо муддатига яна 10 йил қўшилишини айтиб уни қўрқитган. Шу билан А.Қ. урушга боришга розилик билдирган.

У, шунингдек, урушга кирган пайти ҳам 2 мара қочишга ҳаракат қилганини, бироқ ушлаб олишганини, 2025 йил август ойи ўрталарида у ердан қочиб, 2025 йил 18 август куни Москва шаҳрига етиб келишга муваффақ бўлганини, Москва шаҳрида Ўзбекистон консулхонасига мурожаат қилиб, ватанга қайтиш гувоҳномасини олишга ариза топширганини, 2025 йил 28 август куни эса ватанга қайтганини айтади.

Суд судланувчи А.Қ.ни ЖКнинг 154-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топди ва 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг