Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Фарзандларини боқишдан қочган ота уйидан жудо бўлди

Фарзандларини боқишдан қочган ота уйидан жудо бўлди

Фото: Xabar.uz

Бухорода жонли ҳаёт драмаси: бир ота фарзандларини моддий таъминлаш ўрнига, йиллар давомида алимент тўлашдан қочиб юрди. Суд қарорларини инкор қилиб, ҳатто, 15 суткага маъмурий қамоққа ҳам тушди. Аммо, бу ҳам унга сабоқ бўлмади. Қарз вақт ўтиши билан тўпланаверди. Давлат ижрочиси томонидан қарз ҳисоблаб чиқилди — 107 миллион сўмдан ортиқ.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси билан иш қўзғатилиб, суриштирув ишлари бошланди»,-дейди «Xabar.uz»га бу ҳақда маълум қилган Бухоро вилояти Мажбурий ижро бюроси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта инспектори Ихтиёр Олимов.

Таъкидланишича, Фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро суди қарорига асосан, қарздор ота М.К.дан унинг вояга етмаган икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойлик алимент ундирилиши белгиланган. Аммо, ота узоқ вақт давомида суд ҳужжатларига кўз юмиб, фарзандларига зарур маблағни тақдим этишдан қочиб келган.

Давлат ижрочилари томонидан бир неча бор унга даъватнома йўлланган ва огоҳлантирилган, маъмурий баённомалар тузилган. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 474-моддасига асосан, 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиқиб ҳам ота ўзига тегишли хулоса чиқармаган. Қарздорлик миқдори расман кўриб чиқилган ва 107 миллион 380 минг сўм ҳисобланган.

Шундан сўнг, Вобкент туманида отанинг хатти-ҳаракатларига нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси (Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш), 1-қисмига кўра, алимент тўламаслик жиноий жавобгарликка олиб келиши қатъий тушунтирилган. Суриштирув жараёни бошланиши билан М.К. ўзининг энди жиддийроқ жазога дучор бўлиши мумкинлигини англаб етган ва алимент қарзи ўрнига, у Қоровулбозордаги ўз уйини фарзандлари номига расман ўтказиб беришга мажбур бўлган.

«Бу ҳаётда фарзанд олдидаги масъулиятни унутиб бўлмаслигини эслатадиган жиддий дарс. Ота фарзанд олдидаги ўз бурчини рад этишга ҳақи йўқ»,-деди Ихтиёр Олимов.

Аввалроқ, қарздор отадан беш йиллик тўлов ундириб олинган эди. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг