Ғазода 740 минг киши оқова сувлар билан сув босиш хавфи остида — Ғарб давлатлари Исроилни чора кўришга чақирди
Кучли ёмғирлар ва совуқлар сабаб Ғазо сектордаги гуманитар вазият янада оғирлашди. Канада, Дания, Финландия, Франция, Исландия, Япония, Норвегия, Швеция, Швейцария ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирлари қўшма баёнот билан чиқиб, 740 минг киши оқова сувлар билан сув босиш хавфи остида эканини билдирди.
Баёнотда 1,3 миллион аҳоли турар жойга муҳтож экани, тиббий муассасаларнинг ярмидан кўпи қисман ишлаётгани қайд этилди. Инфратузилманинг издан чиқиши вазиятни янада оғирлаштирмоқда.
Вазирлар Исроилни Ғазода халқаро нодавлат ташкилотлар фаолиятига тўсиқларни олиб ташлашга, БМТ ва унинг агентликлари ишини таъминлашга, шунингдек, гуманитар ёрдам ва зарур жиҳозлар киритилишига рухсат беришга чақирди. Шу билан бирга, чегара ўтиш пунктларини очиш ва ёрдам оқимини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Эслатиб ўтилишича, 2023 йил 7 октябрдан кейин бошланган уруш оқибатида Ғазода 70 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, 169 мингдан зиёди яраланган. 13 октябр куни Мисрда ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter