Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Самарқандда икки қизга зўравонлик қилган вақтинчалик васий аёлга чора кўрилди

Самарқандда икки қизга зўравонлик қилган вақтинчалик васий аёлга чора кўрилди

Фото: Болалар омбудсмани

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео ортидан Самарқандда икки нафар қизга нисбатан зўравонлик ҳолати фош этилди. Воқеа Болалар омбудсмани назоратига олинди.

Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида вояга етмаган икки нафар қизга нисбатан жисмоний ва руҳий зўравонлик ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани маълум қилди.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 21 апрел куни фуқаро М.С. ўзининг вақтинча васийлигида бўлган 2019 йилда туғилган Б.Д. ва 2017 йилда туғилган Б.М.га нисбатан турли шаклда тазйиқ ўтказган. У болаларнинг хорижда бўлган онаси Д.М.дан пул ундириш мақсадида зўравонлик қилгани ва бу ҳолатни видеога олгани қайд этилган.

Ҳолат ижтимоий тармоқларда тарқалгач, болалар омбудсмани томонидан назоратга олинди. Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакил жойига чиқиб, вазиятни ўрганди ва болаларни ҳимоя қилиш бўйича зарур чораларни кўрди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлими томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Туман васийлик органи — «Инсон» маркази масъуллари томонидан М.С. васийлик вазифасидан четлатилди. Бу қарор болалар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинган.

Шунингдек, болаларга етказилган тан жароҳатлари даражасини аниқлаш учун суд-тиббий экспертиза тайинланган. Бу жараёнда барча ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилиши кутилмоқда.

Зўравонликдан жабрланган қизларнинг руҳий ҳолатини барқарорлаштириш мақсадида психолог жалб қилинган. Ҳозирда улар тумандаги оилавий болалар уйига жойлаштирилди. Шу билан бирга, яшаш ҳудудига яқин мактаб ва мактабгача таълим муассасаларига расмийлаштирилиб, таълим олиш ҳуқуқлари тикланди.

Айни пайтда хорижда бўлган онанинг ўз ота-оналик мажбуриятларини қай даражада бажараётгани ҳам ўрганилмоқда. Болалар омбудсмани мазкур иш бўйича кузатувни давом эттирмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг