Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Кашфиётчисига кулфат келтирган ихтиро

Кашфиётчисига кулфат келтирган ихтиро

фото: https://fishki.net/

Инсон табиати қизиқ. Кундалик юмушларини бажариш ёки хизмат вазифасини ўташ жараёнида нималардандир фойдаланади, уларни беармон ишлатади-ю, аммо кўпинча мушкулини осон, узоғини яқин қилаётган ўша буюм, асбоб-ускуна ёки техника воситаси қачон, ким томонидан, қандай яратилганини хаёлига ҳам келтирмайди. Агар шундай қилганида, талайгина қизиқарли ва аччиқ ҳақиқатлардан огоҳ топарди. Бизнингча, қуйида баён этилаётган воқеалар бунга ёрқин мисол бўла олади.

1903 йилнинг қирчиллама қиши эди. Нью-Йоркда изғирин авжига чиққан. Бу пайтда ихтирочи аёл Мэри Андерсон трамвайда кетиб борарди. У йўл-йўлакай азалдан ўзига таниш манзарани кузатарди: тобора қутураётган бўрон бўралаб ёғаётган қорни трамвай эшик-деразаларига келтириб урар, оқибатда уларнинг ойналари кўчани кўриб бўлмайдиган даражага келиб қоларди. Шу боис ҳайдовчи дам-бадам трамвайни тўхтатиб, ташқарига чиқишга ва олд ойнага ёпишган қорни қўллари билан сидириб ташлашга мажбур бўларди.

Бу ҳолат Мэрини ҳушёр торттирди. Унинг хаёлида трамвай учун махсус ойнатозалагич яратиш ғояси туғилди. Уйига борибоқ, дадил ишга киришди. Орзусини рўёбга чиқариш йўлида бир неча ой тинмай изланди. Пировардида кузга бориб, эзгу мақсадига эришди. Ихтиро қилган ойнатозалагичи учун 743801 рақамли патент олди.

Дастакли узатмага эга бу мослама фақат трамвайларга мўлжалланган бўлиб, пешойнага пружина ёрдамида маҳкам ёпиштирилар ва ўқи кабина роми орасидан ўтказиларди. Ўша кезларда уни автомобилларга ҳам ўрнатиш мумкинлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди. Сабаби, аксарият машиналарда шамол тўсқич ойна йўқ эди. Шу боис ёмғир ёки қор ёға бошласа, улар кўча-кўйда кўринмай қоларди.

Бинобарин, автомобилларбоп ойнатозалагич бирмунча кейинроқ пайдо бўлди. 1917 йили Американинг «Tri-Continental» (ҳозирги «Tri-Сo»нинг ўтмишдоши) компанияси унинг дастлабки сериясини ишлаб чиқарди. Мазкур мослама ҳам қўлда бошқариларди. Ўқи кабина олд ойнасининг пастки ва устки қисмлари ўртасидаги тирқишга қотириларди. Тирқишларни шиббалагич билан беркитиш усули жорий этилгач, бу ускуна кабинанинг тепа қисмига кўчирилди.

1922 йили «Tri-Co» ойнатозалагичларнинг электр токи ёрдамида ишлайдиган турларини тайёрлашни ўзлаштирди. Чўткалари у ён-бу ёнга узлуксиз ҳаракатланадиган ушбу мослама асосан «Cadillak» русумли люкс автомобилларга ўрнатила бошланди. Фақат битта камчилиги – унинг ҳаракатланиш тезлиги моторга тушадиган оғирликка боғлиқ эди. Мабодо машина кескин суръатда тепаликка кўтарилса ёки бошқа сабабга кўра двигатели зўриқса, ойнатозалагич мутлақо ишламай қоларди. Шунга қарамай, тузилиши жуда оддий, ўзи ишонарли бўлгани сабабли у узоқ «яшади», қарийб ярим аср ҳайдовчилар корига яради. Тўғри, ўтган давр мобайнида конструкторлар асло тиниб-тинчишмади. Натижада ойнатозалагичларнинг ҳарорат ўзгаришига қараб, электр қувватини автоматик равишда улаб-узадиган, қўш металлдан ясалган терморелели ва вааккумли тизим асосида бошқариладиган турини кашф этишди. Афсус, уларнинг ҳам натижаси кўнгилдагидек бўлмади. Биринчиси паст ҳароратда ёмон ишласа, иккинчиси, аксинча, машина беҳад зўриққанида панд берарди.

Баралла айтиш жоизки, бу муаммога Детройт шаҳридаги Уэйн университетининг муҳандислик факультети профессори Роберт Кирнс 1963 йили том маънода ижобий ечим топди. Бунинг ўзига хос сабаби бор эди. Ёшлигида Робертнинг чап кўзи жиддий жароҳатланганди. Инчунин, у ёғингарчилик пайтлари автомобилини ҳайдашга қийналарди. Ойна сиртида гоҳ чапга, гоҳ ўнгга тинмай бориб келадиган ойнатозалагич чўткалари йўлни яхши кўришга қор-ёмғирдан ҳам кўра кўпроқ халақит берарди. Шунинг учун ҳам Роберт Кирнс ойнатозалагичнинг тўхтаб-тўхтаб ишлайдиган намунасини ихтиро қилиш устида бош қотира бошлади. Эзгу ниятда бир қанча радио қисмни жамлаб, чўткаларнинг ҳаракатланиши оралиғидаги вақт конденсатор заряди ёрдамида белгиланадиган соддагина қурилма чизмасини ҳозирлаб, уни «Ford» автокомпаниясига тақдим этди.

«Ford»чилар янги дастгоҳни 1969 йилдан эътиборан «Mercury» автомобилларига татбиқ этиш режалаштирилганини маълум қилишди-ю, амалда лафзларида туришмади. Буям етмагандай, мунофиқона йўл тутишди. Гўёки ўша кезларда ўзлари ҳам шундай асбоб яратишганини рўкач қилиб, олимнинг ихтиросини четга суришди. Орадан етти қовун пишиғи ўтгач, уларнинг ёлғони фош бўлди. Р.Кирнс бир куни автомобиль эҳтиёт қисмлари дўконидан харид қилинган ойнатозалагични бўлакларга ажратди-ю, лол қотиб қолди. Чунки «Ford» тамғаси босилган бу мослама бир вақтлар у яратган ускунанинг айнан ўзгинаси эди.

Кейин аниқланишича, тайёрга айёр қабилидаги пинҳона ўғриликка автомобиль ишлаб чиқарувчи бошқа компаниялар ҳам шерик бўлган экан. Бу хиёнатларга чидай олмаган Роберт жаҳл отига минди. Қонунбузарларни судга бериб, улар билан узоқ тортишди. Ниҳоят, 1990 йилга келгандагина «Ford»нинг, 1995 йили эса «Chrysler»нинг устидан ғолиб чиқди. Аммо бу ғалабалар эндиликда анча кексайиб, мункайиб қолган жабрдийда профессорга бахт келтирмади. Негаки, у чорак аср давомида жамики сармоясини судларда қатнашиш ва адвокатларига ҳақ тўлашга сарфлаб бор-будидан айрилган эди. Қолаверса, суд Роберт Кирнс даъво-аризасининг қолган компанияларга тегишли қисмларини асоссиз ҳисоблаб, қаноатлантиришни рад этди. Оқибатда ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан абгор ҳолга тушиб қолган олим бош мия фаолияти бузилиши, хотиранинг ўта сусайиши ва руҳий сиқилишлар билан боғлиқ альцгеймер хасталигига дучор бўлди. У 2005 йили Мэриленд шаҳридаги қариялар уйида вафот этди.

Начора, буни ҳаёт дейдилар. Ҳаёт эса курашлардан иборат. Унда гоҳо кимдир нопок йўллар билан ғолиб чиқади, кимдир ҳақ бўла туриб, мағлубиятга учрайди. Афсусланарлиси, заҳми осонликча битмас бундай «ўйин»лардан ҳамиша ҳалол-софдил кишилар қаттиқ озор чекади, жамият ҳам катта зарар кўради...

А.Ҳайдаров

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг