Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Кўчмас мулк бозори фаоллашди: долларда уйлар нархи қимматлашди

Кўчмас мулк бозори фаоллашди: долларда уйлар нархи қимматлашди

Фото: Xabar.uz

Марказий банк томонидан 2025 йил III чораги учун Кўчмас мулк бозори таҳлили эълон қилинди

 Таҳлил натижаларига кўра: 

Бозордаги юқори фаоллик: 

 2025 йил январь–сентабр ойларида кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони 229,8 мингтани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12,8 %га ошди. 

III чоракнинг ўзида 81,4 мингта шартнома расмийлаштирилди. 

Ҳудудлар кесимидаги ўсиш динамикаси: 

 Шартномалар сонининг ўртача кўрсаткичдан юқори ўсиши республиканинг аксарият ҳудудларида кузатилди. Фарғона водийси вилоятлари етакчилар қаторида бўлиб, шартномалар сони 7–8 %га ўсди, энг паст ўсиш эса Тошкент шаҳрида (1,7 %) қайд этилди. 

Ипотека ҳисобига қўллаб-қувватланаётган ўсиш: 

2025 йил III чорагида ипотека кредитлари ҳажми 5,6 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14,9 %га ошди. Тижорат банкларининг ипотека портфельи қолдиғи қарийб 17 %га ўсди. Аҳоли реал даромадларининг ўсиши ҳам давом этиб, 8,4 %ни ташкил этди ва уй-жойга бўлган талабни қўллаб-қувватлади. 

Қурилиш ва таклифнинг юқори фаоллиги: 

 2025 йил январь–сентабр ойларида қурилиш ишлари реал ҳажмининг ўсиши 14,2 %ни ташкил этди. Фойдаланишга топширилган уй-жойларнинг умумий майдони 11,1 млн квадрат метрга етиб, ўтган йилга нисбатан 2,4 %га ошди. Ўсиш, асосан, якка тартибдаги уй-жойлар ҳисобига таъминланмоқда. 

Уй-жой – муҳим инвестиция воситаси: 

 III чорак якунларига кўра, турар-жой қурилишининг жами асосий капиталга киритилган инвестициялардаги улуши 6 %ни ташкил этди (йил бошидан буён йиғилган улуш – 7,2 %). Аҳолининг истеъмол кайфияти бўйича ўтказилган сўровда респондентларнинг қарийб 6 % кузатув даврида турар-жой сотиб олганини билдирган. Шу билан бирга, келгусида уй-жой сотиб олиш ниятида бўлганлар улуши бироз пасайган. 

Нархлар динамикаси: 

 Миллий валютада уй-жой нархлари ўсиши мўтадил суръатда, АҚШ доллари ҳисобида эса нисбатан сезиларли бўлди. 2025 йил сентябрь ҳолатига кўра, кўп қаватли бирламчи уй-жой нархлари сўмда 2,4 %га, долларда эса 5,5 %га; иккиламчи кўп қаватли уй-жой бозорида эса сўмда 1,8 %га, долларда 5,0 %га ошди. 

Ижара бозори: 

III чоракда, айниқса август–сентябр ойларида мавсумий талабнинг кучайиши фонида ижара бозори фаоллашди. 2025 йил сентябрь ойига келиб, ижара нархларининг долларда йиллик ўсиши Тошкент шаҳрида 5,4 %ни, республика бўйича умумий ижара индекси эса 8,4 %ни ташкил этди. Бу ижара бозорида талабнинг кучайгани ва бозорнинг босқичма-босқич мувозанатлашаётганидан далолат беради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг