Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Маҳалладаги шубҳали шахс»нинг жинояти фош этилди

«Маҳалладаги шубҳали шахс»нинг жинояти фош этилди

Фото: Xabar.uz

Навоий вилояти, Навбаҳор туманида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда, дея «Xabar.uz»га маълум қилди вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Фаёзжон Қосимов.

Маълум бўлишича, туманнинг «Ўзбекистон» маҳалласи ҳудудида хизмат олиб бораётган профилактика инспектори эътиборини маҳалла аҳолисига нотаниш бўлган шубҳали шахс тортган.

Маҳалла фуқароларини яхши танийдиган ва ҳудуддаги вазиятни доимий назорат қилиб борадиган инспектор мазкур шахс билан суҳбатлашиб, унинг шахсига ойдинлик киритишга ҳаракат қилган. Бироқ, фуқаро маст ҳолатда бўлгани сабабли ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига бўйсинмасдан, воқеа жойидан қочишга уринган.

Вазият тезкорлик билан баҳоланиб, туман ички ишлар бўлими тезкор-тергов гуруҳи жалб этилган. Ҳамкорликда олиб борилган тадбирлар давомида нотаниш шахс қўлга олинган. Текширув жараёнида унинг ёнидан қоғозга ўралган ҳолда сақланаётган, дастлабки хулосага кўра, тахминан, 7 грамм марихуана гиёҳвандлик воситасига ўхшаш модда топилган.

Тезкор тадбир шу билан чекланмаган. Фуқаронинг яшаш манзили ўрганилганда, хонадони томорқасида гиёҳвандлик воситаси сифатида таъқиқланган заҳриқотил ўсимлиги ноқонуний равишда парвариш қилиб келинаётгани маълум бўлган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, айни вақтда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг