Марказий банк аҳолининг «истеъмол кайфияти» бўйича маълумот берди
Марказий банк 2025 йил IV чораги учун «Истеъмол кайфияти шарҳи»ни эълон қилди. Сўров натижаларига кўра, аҳолининг истеъмол кайфиятида ижобий тенденциялар сақланиб қолган ва умумий барқарорлик таъминланган.
Ушбу ҳисоботда таъкидланишича, иқтисодий шароитлар ва молиявий барқарорликка бўлган ишонч юқори даражада сақланмоқда. Аксарият респондентлар келгусида вазият яхшиланишига ишонмоқда.
Даромадлар бўйича кутилмалар барқарор: иштирокчиларнинг 67 фоизи келгуси 12 ойда даромадлари ошишини кутаётганини билдирган. Шу билан бирга, молиявий ҳолатни ижобий баҳоловчилар улуши ҳам юқори даражада қолмоқда.
Шунингдек, харажатлар бўйича кутилмалар ҳам юқори бўлиб қолмоқда. Респондентларнинг 76 фоизи келгусида харажатлари ортишини билдирган. Асосий йўналишлар сифатида уй-жой таъмири, таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда йирик харидлар қайд этилган.
Кредитга бўлган талабда ҳам фаоллик кузатилмоқда. Сўров иштирокчиларининг 54 фоизи яқин ойларда кредит олиш эҳтиёжи борлигини билдирган. Кредит маблағлари асосан уй-жой таъмири, таълим ва автомобил харидига йўналтирилиши кутилмоқда.
Жамғаришга мойиллик ҳам ижобий тенденцияни сақлаб қолган. Респондентларнинг 62,6 фоизи жамғармалари ошишини кутаётганини билдирган. Бироқ чораклик кесимда жамғармалар ҳажмида маълум даражада пасайиш қайд этилгани аҳолининг харажатлари ортиши билан изоҳланади.
Марказий банкка кўра, аҳолининг молиявий ҳолати ижобий баҳоланмоқда. Қисқа ва ўрта муддатли иқтисодий кутилмалар юқори оптимизм билан шаклланган бўлиб, бу ички бозор барқарорлиги учун муҳим сигнал сифатида қаралмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter