Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мирзиёев: Ўзбекистон Афғонистонда узоқ муддатли тинчликни таъминлаш тарафдори

Мирзиёев: Ўзбекистон Афғонистонда узоқ муддатли тинчликни таъминлаш тарафдори

Президент Шавкат Мирзиёев 10 октябрь куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди.

Кун тартибига мувофиқ, Ҳамдўстлик доирасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон етакчиси нутқининг аввалида глобал сиёсат ва иқтисодиётдаги олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган жараёнлар ҳамда халқаро институтларнинг роли заифлашиб бораётганига қарамасдан, МДҲ ўзининг барқарорлиги, самарадорлиги ва зарурлигини намойиш этишда давом этаётганини таъкидлади.

Шунингдек, минтақавий хавфсизлик масалаларига тўхталар экан, Президент Мирзиёев ташқи сиёсий идоралар ва махсус хизматлар ўртасидаги тизимли ва яқин алоқаларни давом эттириш муҳимлигига эътибор қаратди. Афғонистондаги вазият алоҳида эътиборни талаб қилади.

– Ўзбекистон Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик, осойишталик ва барқарор тараққиётни таъминлашнинг қатъий тарафдори эканини таъкидлайман. Шу муносабат билан ушбу мамлакатда йирик инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда биргаликда иштирок этиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф этамиз, - деди Мирзиёев.

Сўзининг якунида Шавкат Мирзиёев Сергей Лебедевнинг МДҲ Бош котиби лавозимига қайта тайинланишини қўллаб-қувватлади ҳамда Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовга ташкилотга раисликни қабул қилиб олгани муносабати билан муваффақиятлар тилади.

Йиғилишда Ҳамдўстликка аъзо бошқа мамлакатлар делегациялари раҳбарлари ҳам сўзга чиқди.

Саммит якунида МДҲ доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича келишув ва қарорлар тўплами имзоланди.

Манба: president.uz

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг