Миср фиръавнларини қўрқувда ушлаган халқ, сирли Хаттуса, лаънат, маъбудлар ва қудрат — қадимий цивилизация излари бўйлаб саёҳат (фото)
Агар тарих дарсларида хеттлар ер юзидаги энг қадимги цивилизациялардан бири эканини ўқиган бўлсангиз ва унинг сир-синоатларини билишни истасангиз, Хаттусага саёҳат сиз учун қизиқарли бўлади.
- «Дракула» сақланган қалъа, Юлий Цезарнинг машҳур ибораси янграган шаҳар — Токатда қандай сирлар яширинган? (фото)
- Ионлашган ҳаво, фойдали кўршапалаклар, даволовчи хусусиятга эга “ер ости қасри” — Баллижа ғорига кирамиз (фото)
- Шаҳзодалар шаҳрига сафар: Амасия — афсона, тарих ва яшил дарё бўйидаги мўъжиза (фото)
Туркияга сафаримизнинг сўнгги манзили Онадўлининг ҳайратланарли масканларидан бири — Хеттлар империясининг пойтахти харобалари бўлди. Ўз вақтида бу қудратли империя 450 йиллик ҳукмронлиги даврида инсоният тарихи ва маданиятига беҳисоб ҳисса қўшган.
Амасия шаҳридан йўлга отланиб, Чорум шаҳри орқали 2 соатлар масофани босиб ўтгач, тоғ йўллари орқали қадимги давлат пойтахти харобаларига етиб келдик.
Бу ерда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган, хетт цивилизациясининг гуллаб-яшнаган даврига оид изларни сақлаб қолган икки муҳим ёдгорлик жойлашган: биринчиси, Хаттуса — хеттлар империясининг пойтахти ва иккинчиси, Язиликая ибодатхонаси — тошга ўйиб ишланган хетт маъбудалари тасвирлари билан безатилган мажмуа.
Ушбу ҳудуд бронза даври археологиясига қизиққан ҳар бир киши ташриф буюриши керак бўлган жой бўлиб, унинг тарихи 6000 йилдан ошади.
Хаттуса — қадимий шаҳар харобалари
Хаттуса — хеттлар юрти. Хеттлар ҳақидаги илк ёзма маълумотлар Инжилда учрайди: унда бу халқ Нўҳ пайғамбарнинг Хет исмли чеварасидан тарқалгани айтилади. Бу, албатта, ривоят. Аммо Миср фиръавлари — Тутанхамон ва Рамсес II каби тарихий шахслар билан боғлиқ воқеаларда хеттлар ҳам тилга олинади.
Хеттлар жуда жангари халқ бўлган ва улардан қўрқишган. Шу сабабли Қадимги Миср фиръавни Тутанхамоннинг беваси хетт подшоларидан бирига элчи юбориб, ўз қўлини ва Миср тахтини унинг ўғлига таклиф қилган. Бошқа бир хетт подшосининг қизи эса ҳақиқатдан ҳам фиръавн Рамсес II га турмушга чиққан.

Орадан вақт ўтиб, хеттлар империяси сирли тарзда йўқолиб кетади: уларни ким енгган? Ёки инқироз даври хароб қилганми? Қизиғи шундаки, юнон антик тарихчилари хеттлар ҳақида деярли маълумот қолдирмаган. Аммо асрлар ўтиб, замонавий тарихчилар Туркия ҳудудида, Анқарадан 150 км узоқликда жойлашган Богазкале қишлоғи яқинида хеттлар изларини топадилар. Ана шу ерда хеттлар империясининг пойтахти — Хаттуса жойлашган.
Хаттусанинг қиёфаси ва афсоналари
Хаттуса хеттларнинг энг муҳим шаҳри бўлиб, айнан шу ерда энг кўп тарихий ёдгорликлар сақланиб қолган. Аммо илгари бу ҳудудда бошқа халқ — хаттлар яшаган ва шаҳар Хаттушаш деб аталган. Хетт подшоси Анитта бу шаҳарни қaмал қилиб, катта бойликларни қўлга киритишга умид қилган. Бироқ хазиналар топилмаган ва ғазабланган Анитта шаҳарнинг кулини кўкка совуриб, уни лаънатлайди: ким бу ерга жойлашса, уни Довул худосининг қаҳри урсин, дейди.
Шунга қарамай, йиллар ўтиб Аниттанинг набираси бу лаънатга эътибор бермай, Хаттушашни Хетт давлатининг пойтахтига айлантиради. Кейинчалик империя қулаганидан сўнг, бу ерга фригийлар келиб жойлашади. Демак, хаттлар ҳам, хеттлар ҳам, фригийлар ҳам Хаттуса тарихида ўз изини қолдирган.
Хаттуса бўйлаб саёҳат
Қадимий шаҳар бўйлаб 6,5 кмлик айлана йўл мавжуд. Уни автомобилда ҳам, пиёда ҳам босиб ўтиш мумкин. Йўналишни соат мили бўйича ёки унга қарши танлаш мумкин. Агар пиёда юришни режалаштирсангиз, соат мили бўйича ҳаракат қилиш осонроқ, чунки кўтарилиш енгилроқ кечади. Қулай пойабзал кийиш шарт. Шунингдек, миллий боғ ҳудудида такси-турлар ҳам ташкил этилади.

Ушбу ҳудудда ацтеклар пирамидасига ўхшаш улкан иншоотлар қолдиқлари ҳам бор. Унинг тагида жойлашган ерости йўлаги ҳамон сақланиб қолган бўлиб, унинг узунлиги тахминан 70 метр, баландлиги эса 3 метрни ташкил этади.
Қоронғу ерости йўлагидан ўтиб, кутилмаганда шаҳар четига чиқиб қоласиз ва қаршингизда табиатнинг гўзал манзаралари намоён бўлади.

Асосий ёдгорликлар
Хаттусанинг энг асосий диққатга сазовор жойи — Катта ибодатхона харобалари. У, эҳтимол, довул худоси Тешуб ва қуёш маъбудаси Хебатга бағишлаб қурилган. Кириш қисми яқинида Нефрит тош куби ҳам жойлашган — ривоятларга кўра, бу Рамсес II га қилинган тўй совғаси. Айримлар уни метеорит деб ҳисоблаб, тилaкларни бажо келтиради дейишади (аммо бу афсона холос).
Шерлар дарвозаси, Подшоҳлар дарвозаси ва Сфинкслар дарвозаси ўз номини уларни безаган ҳайкаллар ва барельефлардан олган.
Асл нусхалар Туркия музейларида сақланади, Хаттусада эса уларнинг нусхалари ўрнатилган.
Язиликая — қоя ибодатхонаси
Богазкале қишлоғидан 2 км узоқликда жойлашган Язилиқая қоя ибодатхонаси хеттлар учун энг муҳим диний марказ бўлган. Бу ерда баҳорда нишонланган янги йил байрами — Пурулли ўтказилган.
Ибодатхона тошга ўйилган маъбуд ва подшоҳ тасвирлари билан безатилган. Шу сабабли у «Язиликая» — «ёзувли қоя» деб аталади.
Хаттусага бориш учун энг яхши вақт кеч баҳор ёки эрта куз. Чунки ҳудудда ёз иссиқ, қиш эса совуқ бўлади. Ўзингиз билан етарлича сув олинг, боғ ҳудудида дўконлар йўқ. Чипта ҳудудга киришда сотилади. Туркияга саёҳатингизнинг бир кунини ушбу масканга ажратсангиз, афсусланмайсиз.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter