Намангандаги Чодаксой сойидан 23 ёшли йигитнинг жасади олиб чиқилди
Жорий йил 28 май куни 23 ёшли йигит қариндошлари билан биргаликда Поп туманида жойлашган дам олиш масканига келиб, у ердан оқиб ўтувчи «Чодаксой» сойига чўмилиш мақсадида тушган. Эҳтиётсизлиги оқибатида у сувда чўкиб кетиб, қайта чиқмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Поп тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилди. Текширув доирасида туман ФВБнинг қутқарувчилари жалб этилган ҳолда сувга чўкиб кетган йигитни қидириб топиш ишлари амалга оширилган.
Натижада кеча, 4 июн куни Поп тумани «Шайхон» МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Чодаксой сойидан 2002 йилда туғилган фуқаронинг жасади топилди ва тегишли тартибда мутасадди ташкилотларга топширилди.
ФВВ, ўз навбатида, фуқароларни чўмилиш тақиқланган ҳамда хавфли деб белгиланган ҳудудларда сувга тушишдан огоҳлантирмоқда.
«Сув ҳавзалари ва сой-каналларда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш инсон ҳаёти ва саломатлигини сақлашнинг энг муҳим омилларидан биридир. Бир лаҳзалик эҳтиёцизлик оғир ва қайтариб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин.
Ўзингиз ва яқинларингиз ҳаётини асранг, сувда хавфсизлик қоидаларига амал қилинг!» – дейилади вазирлик ахборотида.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter