Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Навоий ва Чирчиқда фуқаролар йиллик даромади ҳақида декларация тўлдириши керак бўлади

Навоий ва Чирчиқда фуқаролар йиллик даромади ҳақида декларация тўлдириши керак бўлади

2026 йил 1 мартдан Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида рўйхатдан ўтган жисмоний шахслар томонидан жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш амалиёти тажриба-синов тариқасида жорий этилади. 

Жорий йил 10 декабрдаги ПФ–246-сон фармонга мувофиқ, фуқароларга йиллик даромад декларациясини махсус электрон платформа орқали топшириш имконияти берилади. Платформа энг содда ва тушунарли тарзда ўзаро ҳамкорликни таъминлаш учун ишлаб чиқилган.

Тизим харажатларни «Soliq» мобил иловаси орқали автоматик тарзда ҳисобга олиш имконини беради. Маълумотлар етарли бўлмаган ҳолларда фуқаролар жараён устидан назоратни сақлаган ҳолда қўшимча маълумотларни қўлдан киритишлари мумкин бўлади.

Илк бор солиқ базаси фуқароларнинг даромад ва харажатлари ҳақидаги рақамли маълумотларга таянган ҳолда шакллантирилади.

Тажриба-синов даври фақат механизмни синовдан ўтказишга қаратилган. Лойиҳа доирасида қўшимча солиқ ҳисобланмайди ва ҳеч қандай санкциялар қўлланилмайди.

2026 йил 1 апрелга қадар ҳудудлар ва секторлар кесимида алоҳида кўрсаткичларни ўз ичига олган яширин иқтисодиётни ҳисоблашнинг янгиланган методологияси жорий этилади.

Эслатиб ўтамиз, мансабдор шахсларнинг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилишга доир охирги янгиланишлар 2021 йилнинг июн ойида бўлган ва унда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов амалдорлар учун даромадлари ҳақида декларация тўлдиришнинг мажбурий бўлиши муддати 2022 йил 1 январь этиб белгиланганини билдирган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг