Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хориждаги нуфузли олийгоҳларда ўқиган ёшларга ипотека ажратилади

Хориждаги нуфузли олийгоҳларда ўқиган ёшларга ипотека ажратилади

Фото: Xabar.uz

Ўзбекистонда хорижий нуфузли олий таълим муассасаларида илмий даража олган ёш мутахассислар учун ипотека кредити ажратиш тартиби жорий этилди. Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 159-сонли қарори билан тегишли низом тасдиқланди.

Қарорга кўра, кредитлар Ўзбекистон ҳудудида бирламчи уй-жой бозоридан уй сотиб олиш учун ажратилади. Унинг максимал миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 150 бараваригача бўлиб, 10 йил муддатга берилади.

Ипотека кредити тижорат банклари маблағлари ҳисобидан йиллик 14 фоиз ставкада тақдим этилади. Шу билан бирга, кредит ҳар ойлик тўловлар асосида қайтарилиши белгиланган.

Низомга мувофиқ, кредит фақат белгиланган талабларга жавоб берувчи фуқароларга ажратилади. Хусусан, ариза берувчи Ўзбекистон фуқароси бўлиши ва мурожаат пайтида 35 ёшдан ошмаган бўлиши шарт.

Шунингдек, у халқаро рейтингларда юқори 100 таликка киритилган хорижий олий таълим муассасаларида илмий даража олган бўлиши керак.

Бундан ташқари, диплом белгиланган тартибда нострификация қилинган бўлиши талаб этилади. Кредит олиш учун мурожаатлар Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда қабул қилинади.

Аризага уй-жой бўйича қурилиш ташкилоти билан тузилган шартнома ҳам илова қилиниши шарт.

Тижорат банки 3 иш куни ичида ариза берувчининг тўловга лаёқатини баҳолаб, хулосани Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига тақдим этади. Шу билан бирга, ажратиладиган кредит миқдори уй-жой қийматининг 80 фоизидан ошмаслиги белгиланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг