Оҳангаронда суд яна бир педофилни узоқ муддатга қамади
Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон шаҳар судида М. Т. (1994 йилда Фарғона вилоятида туғилган, муқаддам судланган)га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.
Ушбу жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.
Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ М. Т. вояга етмаган С. Х. (қиз бола, 2016 йилда туғилган)га нисбатан Жиноят кодексининг 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 34-моддаси (рецидив жиноят) 3-қисми «а» бандига асосан М. Т. ўта хавфли рецидивист деб топилди.
М. Т. тайинланган жазо муддатининг дастлабки 2 йилини турмада, жазонинг қолган муддатини махсус тартибли колонияларда ўташи белгиланди.
Маълумот учун, мазкур шахс 2017 йилдан номусга тегиш жиноятини содир этгани учун жазо муддатини ўтаб келаётган ва воқеа содир бўлган куни, яъни 2025 йилнинг 16 октябрида жазо муддатини ўтаётган манзил-колониядан қочиб кетган бўлган. Унинг муқаддам айбланган қилмиши бўйича жазо муддати 2033 йилнинг ноябрида тугиши керак бўлган.
Олий суд матбуот хизмати хабарида эса унинг аввалги жиноий иши бўйича ўталмай қолган жазо муддати ҳақида маълумот берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон туман суди ҳам муқаддам ҳам номусга тегиш жиноятларини содир этгани учун судланиб, хавфли рецидивист деб топилган шахсни 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter