Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон олтин-валюта захиралари кескин камайди

Ўзбекистон олтин-валюта захиралари кескин камайди

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари кетма-кет етти ойлик ўсишдан кейин март ойида сезиларли даражада қисқарди. Марказий банк маълумотларига кўра, 1 апрел ҳолатига халқаро активлар ҳажми 68,99 млрд долларни ташкил этган.

Бир ой давомида захиралар 8,09 млрд долларга ёки қарийб 10 фоизга камайган. Хусусан, март ойида олтин нархи 5174,1 доллардан 4553,95 долларгача тушган. Бу эса Марказий банк балансдаги олтин активларининг қийматини сезиларли равишда камайтирган.

Марказий банк захираларидаги олтин қиймати кетма-кет саккиз ойлик ўсишдан кейин 6,82 млрд долларга камайиб, 60,85 млрд долларга тушди. Шунингдек, олтиннинг физик ҳажми аксинча ошди. У 0,3 млн трой унцияга кўпайиб, 13,4 млн трой унцияга, яъни 416,8 тоннага етган.

Валюта захиралари ҳам қисқаришда давом этди. Март ойида улар 1,26 млрд долларга камайиб, 7,57 млрд долларни ташкил этган.

Шу билан бирга, хорижий марказий банклар ва Халқаро валюта жамғармасидаги маблағлар 1,3 млрд долларга етган, хорижий банклардаги активлар эса 4,71 млрд доллар бўлган.

Айни пайтда Марказий банк томонидан хорижий қимматли қоғозларга инвестициялар ҳам давом этмоқда. Уларнинг умумий қиймати 1,545 млрд долларга етган бўлиб, жами захиралардаги улуши 2,24 фоизни ташкил қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг