Ўзбекистон ОТБнинг «Осиё учун рақамли магистрал» ташаббусига қўшилади
Шавкат Мирзиёев Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилари кенгашининг 59-йиллик йиғилишида Ўзбекистон банкнинг «Осиё учун рақамли магистрал» ташаббусига қўшилишини маълум қилди ҳамда Тошкентда унинг минтақавий мувофиқлаштириш марказини очиш таклифини илгари сурди.
Жаҳон савдо ташкилоти прогнозларига кўра, 2040 йилга бориб, сунъий интеллект ҳисобига халқаро савдо айланмаси қўшимча 40 фоизга ошади.
Маълум қилинишича, Ўзбекистонда ҳам ахборот технологияларини ривожлантиришга жиддий киришилди. Инновация ва билимларга асосланган Сунъий интеллект ҳабини ташкил қилиш бошланди. Иқтисодиёт тармоқларида 200 дан ортиқ сунъий интеллект лойиҳалари устида ишланмоқда.
«Бу йўналишларда Осиё тараққиёт банки ҳамда АҚШ, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Япония, Корея ва Хитойдаги ҳамкорларимиз бизга яқиндан ёрдам бераётганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман», – деди Шавкат Мирзиёев.
Таъкидланишича, таълим, тиббиёт, сув хўжалиги, экология, озиқ-овқат хавфсизлиги каби аҳолининг бирламчи эҳтиёжи учун энг зарур бўлган йўналишларда ҳам очиқ сунъий интеллект моделларидан фойдаланиш талаб этилмоқда. Бунинг учун Президент Осиё тараққиёт банки шафелигида Ривожланаётган мамлакатларда сунъий интеллект кўламини ошириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқишни таклиф этди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter