Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда қурол муомаласи қандай назорат қилинмоқда? (фото)

Ўзбекистонда қурол муомаласи қандай назорат қилинмоқда? (фото)

Президент Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги бошчилигида махсус идоралараро ишчи гуруҳ тузилиб, қуролларни ҳисобга олиш ва уларнинг ҳаракатини кузатиш механизмларини комплекс ўрганиш бошланди.

Ишчи гуруҳ томонидан қуроллар муомаласи, уларнинг ҳисобини юритиш ва назорат қилиш тизимларини ўрганишга қаратилган тадбирлар ўтказилди. Ушбу жараёнда бир қатор вазирлик ва идоралар ҳамда тегишли объектлар фаолияти атрофлича ўрганилиши режалаштирилган.

Биринчи босқичда Ички ишлар вазирлиги тизимидаги қатор йўналишлар фаолияти таҳлил этилди.

Ички ишлар органлари томонидан олиб борилган тезкор ва профилактик тадбирлар натижасида жорий йилнинг бошидан жами 487 та ҳолат аниқланган. Шундан 227 таси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аниқлаб олинган, 260 таси эса фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда топширилган. Ўтказилган тадбирлар давомида 255 дона ҳар хил ўқотар қурол, 2 841 дона патрон, 57 дона қуролнинг асосий қисмлари, 485,7 грамм портловчи модда  аниқланиб, белгиланган тартибда расмийлаштирилган.

Ҳуқуқий статистика бош марказида ўтказилган таҳлиллар натижасида қуролларга оид барча маълумотларни ягона рақамли тизимга ўтказиш зарурати аниқланди. Турли идораларнинг маълумотлар базаларини ўзаро интеграция қилиш назорат самарадорлигини кескин ошириш имконини беради.

Шунингдек, Эксперт-криминалистика бош марказида қуролларни баллистик экспертизадан ўтказиш ва Давлат ўқ-гилзотекасини юритиш жараёнлари кўздан кечирилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, баллистик маълумотлар базасини мунтазам бойитиб бориш жиноятларни иссиқ изидан фош этиш ва қуролларни аниқ идентификация қилишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Ишчи гуруҳнинг навбатдаги ўрганишлари Жамоат хавфсизлиги департаментида давом этди. Унда қурол муомаласи учун лицензия ва рухсатномалар бериш тизими таҳлил қилинди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу жараёнларни босқичма-босқич рақамлаштириш ва электрон хизматлар кўламини кенгайтириш нафақат фуқароларга қулайлик яратади, балки тизимнинг тўлиқ шаффофлигини таъминлайди.

Шунингдек, пойтахтдаги қурол ва ўқ-дорилар дўконлари фаолияти ҳам кўздан кечирилди. Унда маҳсулотларни сақлаш шароитлари ва қонунчилик талабларига риоя этилиши ҳолати ўрганилди. Мазкур соҳада маҳсулотлар ҳисобини электрон тарзда юритиш ва савдо жараёнларини рақамли мониторинг қилиш тизимларини жорий этиш назорат самарадорлигини янада оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Ўрганишлар натижалари соҳадаги мавжуд тизимларни янада такомиллаштириш, давлат органлари ўртасида ахборот алмашинувини кучайтириш ҳамда назорат жараёнларини рақамлаштириш зарурлигини кўрсатди. Шу муносабат билан қуроллар муомаласи устидан назоратни кучайтириш, ахборот тизимларини интеграция қилиш ва замонавий рақамли ечимларни жорий этишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг