Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент прокуратура органлари ходимларини табриклади

Президент прокуратура органлари ходимларини табриклади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 январь — Прокуратура органлари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади.

Табрикда сўнгги йилларда прокуратура органлари фаолиятида амалга оширилган ислоҳотлар, тизимнинг халққа яқинлашгани, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, қонун устуворлиги ва адолатни қарор топтиришдаги натижалар алоҳида қайд этилди. Ўтган йилда қарийб 512 минг нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тиклангани, 54 мингга яқин мурожаат, жумладан, салкам 29 минг нафар тадбиркорнинг масалалари ҳал этилгани таъкидланди.

Қурилиш, ер ресурсларидан фойдаланиш, хотин-қизлар ва ёшларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, ёқилғи-энергетика, экология ҳамда камбағалликни қисқартириш йўналишларида жорий этилган янги механизмлар ижобий самара бергани қайд этилди. Яширин иқтисодиётга қарши чоралар натижасида давлат бюджетига 22,3 триллион сўм қўшимча тушум ундирилгани, қурилиш соҳасида 3,9 триллион сўм ортиқча харажатнинг олди олингани маълум қилинди.

Шунингдек, криминоген вазиятни таҳлил қилиш ва профилактика ишлари асосида маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш, оғир тоифадаги маҳаллалар сонини қарийб 1,5 баробар камайтиришга эришилгани таъкидланди. Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан 10 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарликка чек қўйилиб, 1,8 триллион сўм зарар ундирилгани ҳамда 13 мингдан зиёд шахс фаолияти легаллаштирилгани қайд этилди.

Президент прокуратура идоралари фаолияти самарадорлигини янада ошириш, тергов жараёнларини рақамлаштириш, коррупцияга қарши курашда очиқлик ва намунавийликни кучайтириш долзарб вазифа эканини таъкидлаб, соҳа ходимларига муваффақиятлар тилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг