Қизириқ тумани ва Зарафшон шаҳри ҳудудлари кенгаяди
Қонунчилик палатасининг 21 апрелдаги йиғилишида Қизириқ тумани ва Зарафшон шаҳри ҳудудларини кенгайтиришга доир қонун лойиҳалари қабул қилинди.
Таклифга кўра, Жарқўрғон туманидан 4740 гектар ер майдони Қизириқ тумани таркибига ўтказилади. Шунингдек, Томди туманидан 2459 гектар ер майдони Зарафшон шаҳри ҳудудига қўшилади.
Таъкидланишича, Қизириқ тумани ҳудудининг кенгайиши 731 та оилада яшовчи 4230 нафар аҳоли шароитини яхшилашга хизмат қилади. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги, айниқса чорвачиликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш учун қўшимча имкониятлар яратилади.
Чегара ўзгаришлари маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда тегишли туман ва вилоят Кенгашларида муҳокама қилиниб, картографик чизмалар асосида маъқулланган.
Маълум қилинишича, узоқ муддатли бизнес-режа доирасида 250 дан ортиқ саноат ва ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилади.
Бундан ташқари, 90 та ижтимоий объект ва 500 дан зиёд савдо-маиший ҳамда хизмат кўрсатиш нуқталарини барпо этиш режалаштирилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter