Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Россиялик актёр “ўзбек халқининг тузини ичиб тузлуғига тупурди”

Россиялик актёр “ўзбек халқининг тузини ичиб тузлуғига тупурди”

Сергей Безруков.

Ўзбекистонда бир неча бор меҳмон бўлган россиялик актёр Сергей Безруков маҳаллий халқ вакилларини калака қилгани ортидан кескин танқидга учради.

Актёр Россияда ташкил этилган матбуот анжуманида 2022 йил сентябрь ойида ўтказилган “Ипак йўли дурдонаси” XIV Тошкент халқаро кинофестивалида қатнашганини ёдга олган.

Безруков ўша сафар чоғи рус шоири Сергей Есениннинг қизи – Татьяна Есенинанинг Тошкентдаги қабрига гул қўйиш билан боғлиқ ҳодисани ҳикоя қилар экан, ўзбекистонликлар томонидан кўрсатилган меҳмондўстлик ва одамгарчилик ҳақида масхаромуз оҳангда фикр билдиради, “рус тилини билмайдиган” ўзбекистонликларни калака қилади.

Ушбу видеолавҳа тарқалиши ортидан юртимиздаги жамоат фаоллари ўз ҳаддини билмаган актёрнинг ножўя фикрларига қарши кескин эътироз билдиришди.

“Биз буларни қучоқ очиб кутиб оламиз, зиёфатлар берамиз, елкасига тўн ёпамиз, саҳналаримизга чиқиб катта пуллар ишлашига қўйиб берамиз. Булар эса юртига қайтгач “рус тилини билмайдиган” ўзбекистонликларни масхаралаб латифа айтиб юради.

Ҳов бирда урушни молиялаштираётгани билан мақтанадиган Лепснинг концертини жамоатчилик босими остида бекор қилишга эришган эдик. Безруковнинг концерти олдидан ҳам шундай чақириқлар бўлди, аммо у барибир келди.

Россия-Украина можароси бошланганидан бери Тошкентда россиялик юлдузлар ёмғири тинмаяпти. Тинч келиб ҳурматини билиб концерт қўйиб кетса майли эди. Йўқ, баъзилари маданият, санъат олиб келяпман деб маданиятсизликнинг чўққисини кўрсатиб кетади. Россияда ўзбек юлдузи ҳурматини билиб тинч концерт қўйганида эса тадбирнинг қизиқ жойида кириб бузишади. Маданий алоқалар, ўзаро ҳурмат икки томонлама бўлиши керак эмасми?

Мен россиялик санъаткорларнинг яхши, савияли ижоди борлигини эътироф этаман, уларнинг Ўзбекистонда мухлислари кўп бўлишини табиий қабул қиламан. Лекин тузингни еб тузлиғингга тупуриб кетадиган мана бундай нонкўрларни оқлаш учун “Санъат – тинчлик элчиси”, “Маданий алоқалар сиёсатдан холи” деган иборалар ёпишмайди. Буларнинг миясидаги, менталитетидаги шовинизм барибир ўрни келиб тошиб чиқади.

Бундан кейин уларга саҳналаримизни беришда, яхшилаб ўйлайлик… Сал ўз қадримизни билайлик!” – деб ёзди блогер Шаҳноза Соатова.

“Шу ўринда рус маданияти ўн йилликлар давомида латифаларда тарғиб қилиб ва намойиш этиб келаётган нарса намоён бўлди: чукчалар, хохоллар, “кичик халқлар” – масхара қилиш учун. Бегона маданият – менсимай ҳазил қилиш учун. Ва мана сиз, ушбу мамлакатда туриб, ўша қарашни беихтиёр такрорлаяпсиз: ғашланиш, ҳайратланиш, ўзингизни “юқори”, қандайдир “оқ танли одам”дек кўрсатишга уриниш, қолганлар эса гўё 2-навли абориген ёки ҳиндулар...

Арзон PR кетидан қувиб, сиз ҳурматни хизмат, совғаларни реквизит, мамлакатни эса ўз дабдабангиз учун фон сифатида қабул қилишингизни кўрсатдингиз. Тан олинг: сизни ғашингизни келтираётган нарса қабристон директори ёки “Белий” эмас. Сизга Ўзбекистоннинг сизга мослашмасдан ҳам яшашга журъат этаётгани алам қиляпти.

Ўзбекистон сиздан ҳеч нарса қарздор эмас. На гул, на таъзим, на тунги мистик илҳомлар. Ўзбекистон сизга меҳмондўстлик кўрсатди – сиз эса гулларни ва анча пулимизни олиб кетдингиз. Чунки олишни яхши биласиз. Ҳурматга муносиб бўлишни эса – йўқ.

Меҳмонларни “Меҳмон отангдан улуғ” деб идеаллаштириш керак эмас. Доим ҳадя қиладиган чопонларимизни, ипакдан бўлган адрасу атласларимизни, оёғи остига қўй сўйиб, ош билан меҳмон қилишни фақат буни қадрлайдиганларга қилайлик! Келинг, четдан келган гастролчилар олдида елиб-югуриб, улардан келгинди кумир ясашни тўхтатайлик.

Ўзи шундоғам хеч қаерда кутилмаётган, жўғрофияси торайиб бораётган рус артистларини юртимизга ташрифини камайтириш пайти келди!” – деб таъкидлади Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа.

“Серёжа орадан уч йил ўтиб, ўша воқеани менсимаслик билан эсга олиши кўпчилик ҳамюртларимизни ғазабга солганини тушуниш мумкин. Аммо, бундан нима наф?

“Тошбақа билан чаён” масал ёдингиздадир? Тошбақа чаённи елкасига миндириб сувдан олиб ўтказмоқчи бўлади. Чаён эса, нишини тошбақанинг косасига суқишга уринади. Чаёндан дўстлик чиқмаслигини англаган тошбақа сувга бир шўнғиб, уни сувга ғарқ қилади ва йўлида давом этади. Қиссадан ҳисса чаён ҳар доим, ҳар қайда ўз касбини қилади, нишини суқишга уринади.

Безруков ҳам ўз ишини қилган холос. Юз эллик йилдан бери ўзбек халқининг тузини ичиб тузлуғига тупуриб келган кўплаб миллатдошларининг ишини такрорлади холос. (Албатта, унинг миллатдошлари орасида яхши инсонлар беҳисоб). Келди, еб-ичди, ҳурмат-иззат кўрди. Гонорарини қуртдай санаб олди. Охир-оқибат уни ҳурмат қилиб, ярим кечаси уйқусини ҳаром қилиб, эшик очган бир ҳамюртимизни масхаралаб ўтирибди.

Жазавага тушиб нима қиламиз? Асабийлашишнинг нима кераги бор? Буни табиий қабул қилишимиз даркор. Безруковга ўхшаган кимсалар ортиқча мулозамат, бағрикенглик ва самимиятга муносиб эмас. Масалдаги тошбақага ўхшаб, бошида бунақаларни елкамизга чиқармаслигимиз керак эди. Уларнинг кимлигини англадикми, сувга бир шўнғиб олиб, йўлимизда давом этишимиз керак, тамом”, – деб фикр билдирди публицист Рустам Жабборов.

Эксперт Баҳодир Ғаниев эса “империяча тафаккур ва шовинистик дунёқараш” эгаси бўлган актёр Сергей Безруковнинг Ўзбекистонга киришини тақиқлашни таклиф қилган.

Жамоатчиликнинг кескин эътирози ортидан ижтимоий тармоқ орқали чиқиш қилган Сергей Безруков ўзбек халқи, маданияти ва ошхонасини ҳурмат қилишини маълум қилиб, унинг ҳазил сўзлари нотўғри талқин қилинганини айтган.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг