Санъат асарлари мероси – ўғирликлар соясида қолган миллиардлик тарих

Пабло Пикассо «Яшил нўхатлар устидаги кабутар»
Дунё музейлари, хусусий галереялар ва шахсий коллекцияларда сақланаётган санъат асарлари – инсониятнинг энг нозик хотираси, ақл ва руҳ уйғунлигининг мероси ҳисобланади. Бироқ сўнгги аср давомида ушбу мероснинг катта қисми ноқонуний қўлларга тушиб, аксарияти ҳозиргача топилмаган.
Forbes нашри энг қиммат ўғирланган асарлар ҳақида маълумот тўплаб, эълон қилди.
Иккинчи жаҳон уруши санъат олами учун нафақат инсонлар қон тўккани, балки миллионлаб долларлик асарларнинг ғойиб бўлиши билан ҳам ёдда қолди. Немис ҳарбийлари томонидан тортиб олинган Рафаэльнинг «Ёшлик портрети» асари шулар жумласидан. Унинг тахминий қиймати 100 миллион доллар атрофида баҳоланади. Аммо асарнинг қаердалиги ҳозиргача номаълум. Худди шу тақдирни Пабло Пикассо, Караваджо ва бошқа рассомларнинг асарлари ҳам «бошдан кечиришди». Уларнинг турли мамлакатларга тарқатилиб кетгани, баъзилари хусусий коллекцияларда маҳфий сақланаётгани тахмин қилинади.
Санъат асарлари ўғирланиши фақат уруш йиллари билан чекланиб қолгани йўқ. Сал бурун, 2010 йилда Каир музейида Ван Гогнинг «Маклар» асари йўқолиб қолди. Охирги марта уни видеокузатув камералари қабулгоҳ деворида осиқ ҳолда қайд этган, шундан кейин сурат изсиз ғойиб бўлди. Ушбу асарнинг ҳозирги бозор қиймати 50 миллион доллардан кам эмас, аммо унинг тақдири ҳамон сир.
Бутун дунёда ноқонуний санъат бозори яширинча равнақ топмоқда. Мутахассислар фикрича, бу турдаги иқтисодий айланма айрим давлатларда 6 миллиард долларга етган. Унда ўғирланган картиналар, ҳайкаллар ёки тарихий экспонатлар жиноий схемалар ёрдамида сотилади ёки пул ювиш амалиётида ишлатилади. Санъат асарларининг нусха кўчирмалари тайёрланиб, ҳақиқий оригиналлар эса тўлиқ йўқолиб кетади. Бу эса музейлар ва тарих илмига жиддий зарар етказади – чунки ҳар бир асл асар ўрнини ҳеч қандай кўчирмалар боса олмайди.
Бу муаммо халқаро даражада жиддий тарзда ўрганилади. Европа музейлари, Интерпол ва санъат муҳофазаси билан шуғулланувчи ташкилотлар ҳар бир йўқолган экспонат учун махсус идентификация рақамлари, фотомаълумотлар ва архив ҳужжатларини жаҳон базаларига киритиб келади. Бироқ баъзида айрим асарлар хусусий коллекцияларда маблағ ёки сиёсий таъсир воситасига айланиб бўлгани сабаб уларни бир тизимга солишнинг имкони бўлмайди.
Санъат асарлари ўғирликлари ортида фақат молиявий манфаат эмас, балки инсоният хотирасига нисбатан бепарволик ҳам ётади. Йўқолган ҳар бир асар – бу тарихнинг узилиб қолган ривояти, маданиятнинг бир бўлаги. Шунинг учун уни сақлаш ва ҳимоя қилиш фақат музейлар вазифаси эмас, балки бутун жамиятнинг масъулияти ҳисобланади.
Энг йирик 10 та ўғрилик:
- Рафаэль «Ёш йигит портрети» – тахминан 100 млн доллар;
- Винсент Ван Гог «Маклар» – тахминан 50 млн доллар;
- Пабло Пикассо «Яшил нўхатлар устидаги кабутар» – тахминан 28 млн доллар;
- Микеланджело Меризи да Караваджо «Авлиё Франциск ва Лаврентий билан рождество» – тахминан 20 млн доллар;
- Поль Сезанн «Овер-сюр-Уаз манзараси» – тахминан 5 млн доллар;
- Генри Мур «Ётган шакл» – тахминан 4,6 млн доллар;
- Страдиварининг Давидов-Морини скрипкаси – тахминан 3 млн доллар;
- Огюст Ренуар «Сочларига гул тақиб, тирсагига суяниб олган Мадлен» – тахминан 1 млн доллар;
- Франц ван Мирис Старший «Кавалер» – тахминан 1 млн доллар;
- Барбара Хэпуорт «Иккита кўриниш» – тахминан 900 минг доллар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter