Шавкат Мирзиёев режиссёр ва телебошловчи Мираббос Мирзааҳмедов оиласига ҳамдардлик билдирди
Президент Шавкат Мирзиёев машҳур режиссёр ва телебошловчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Мираббос Абдулҳақович Мирзааҳмедовнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг яқинлари ва оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди.
«М.Мирзааҳмедов бутун умр доимо изланиб, халқимизга сидқидилдан хизмат қилиб келган заҳматкаш ижодкор ўзига хос маҳорат ва тажриба мактабини яратиб, кўплаб ёшларга устозлик қилди.
М.Мирзааҳмедовнинг мамлакатимиз маданияти ва санъатини ривожлантириш йўлидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони, «Меҳнат шуҳрати» ва «Дўстлик» орденлари билан мукофотланди.
Таниқли санъаткор, самимий ва камтарин инсон, ёшларнинг меҳрибон устози Мираббос Мирзааҳмедовнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади», – дейилади ҳамдардлик мактубида.
М.Мирзааҳмедов 1941 йил 30 сентябрда Тошкент шаҳрида зиёли оиласида туғилди. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг Тошкент театр ва рассомлик институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти)да кино ва театр санъати актёри мутахассислиги бўйича таҳсил олди.
Меҳнат фаолиятини Ўзбекистон телерадиокомпаниясида режиссёр ёрдамчиси сифатида бошлаган истеъдодли санъаткор 60 йилдан зиёд вақт мобайнида «Ёшлар» таҳририяти режиссёри, бош режиссёри, «Ўзбекистон» телеканалининг олий тоифали режиссёри, «Оталар сўзи – ақлнинг кўзи» кўрсатувининг режиссёри ва бошловчиси каби лавозимларда самарали хизмат қилди. Унинг бевосита раҳбарлигида долзарб мавзу ва жанрларда тайёрланган эшиттириш ва кўрсатувлар, бадиий видеофильмлар миллий руҳи, теран мазмуни, халқчиллиги билан миллионлаб мухлислар қалбидан ўрин олди. Айниқса, устоз режиссёр томонидан тасвирга олинган «Баҳор қайтмайди» «Излайман», «Қалбингга қулоқ сол», «Баҳс», «Уч илдиз», «Дунёнинг ишлари» каби асарлар ўз даврининг ёрқин телефильмлари сифатида маданиятимиз хазинасидан муносиб жой эгаллади.
Манба: president.uz


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter