Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шов-шув ниҳояси: халқ артисти можароли уйини тарк этди!

Шов-шув ниҳояси: халқ артисти можароли уйини тарк этди!

foto: chatgpt

Москва марказидаги муҳташам уй, 112 миллион рубль, фирибгарлик схемаси ва бир неча босқичли суд жараёнлари...

Россия эстрадасининг машҳур юлдузи Лариса Долина билан боғлиқ икки йиллик шов-шувли можаро ниҳоят ўз якунига етди. Бу воқеа шоу-бизнес доирасидан чиқиб, мамлакат миқёсидаги ҳуқуқий баҳс ва жамоатчилик муҳокамасига айланган эди. 2026 йил январь ойида қўшиқчи Хамовники туманидаги квартирани бутунлай тарк этди.

Ҳаммаси қай тарзда бошланган?

2024 йил ёзи. Россия халқ артисти Лариса Долина Москва марказида, Хамовники туманида жойлашган, майдони катта ва қиммат таъмирланган муҳташам беш хонали квартирасини сотди. Келишув суммаси – тахминан 112 миллион рубль (1,5 млн доллар).

Харидор – хусусий тадбиркор Полина Лурье эди. Ҳужжатлар расмийлаштирилди, пул тўлиқ тўланди, битим қонуний тарзда амалга оширилди.

Бир қарашда – оддий кўчмас мулк операцияси. Аммо орадан кўп ўтмай, шов-шувли тафсилотлар очилди.

Фирибгарлик схемаси: “махсус хизматлар” қўнғироғи.

Қўшиқчининг айтишича, унга бир неча бор телефон қўнғироғи орқали ўзларини махсус хизмат ходимлари деб таништирган шахслар мурожаат қилган. Улар Долинанинг мулки ва банк ҳисоблари “хавф остида” экани, фирибгарлар унинг номига кредитлар олишга уринаётгани ва ягона “хавфсиз йўл” – уйни зудлик билан сотиб, пулни махсус ҳисобларга ўтказиш эканлигини айтишган.

Қўрқув ва руҳий босим остида қолган қўшиқчи бу гапларга ишонган. Натижада уйини сотди ва олган пулни фирибгарлар кўрсатган йўналишга ўтказиб юборди. Пул таг-туги билан йўқолди. Уй эса энди янги эгасига тегишли эди.

Судга мурожаат: “Мен алданганман”

Пулдан ҳам, уйдан ҳам айрилган Лариса Долина судга мурожаат қилди. Унинг даъвосида асосий нуқталар қуйидагича эди: битим руҳий босим остида амалга оширилган, у ўз ҳаракатларининг оқибатини тўлиқ англамаган демак, келишув ҳақиқий деб ҳисобланмаслиги керак...

2025 йилнинг баҳорида Москва Хамовники тумани суди қўшиқчининг фойдасига қарор чиқарди. Сотув битими бекор қилинди. Квартира яна Долина номига қайтарилди.

Бу қарор жамоатчиликда “портлаш” билан тенг бўлди. Чунки харидор Полина Лурье пулни тўлиқ тўлаган, аммо ҳам уйдан, ҳам маблағдан айрилган эди.

Судлар занжири ва кескин бурилиш

Иш шу билан тўхтаб қолмади, албатта. Харидор томони апелляция, кассация инстанцияларига мурожаат қилди. Бир неча ой давомида қарорлар ўзгарди, баҳс-мунозаралар кескинлашди.

Ниҳоят, 2025 йилнинг декабрь ойида иш Россия Олий судига етиб борди.

Олий суднинг ҳал қилув хулосаси бўйича илгариги қарорлар бекор қилинди, уй бўйича қонуний эгалик ҳуқуқи харидор томонда бўлди ва Лариса Долинанинг бу квартирада қолиши ноқонуний деб топилди. Аслида шундай бўлиши ҳам керак эди-да!

Мазкур қарор билан можаронинг тақдири амалда ҳал бўлди.

Уйни тарк этди: охирги нуқта

2026 йил 9 январда Лариса Долина Хамовникидаги собиқ квартирасини бутунлай тарк этди. У шахсий буюмларини олиб чиққан, хонадон янги эгасига топшириш учун тайёрланган.

Икки йилга яқин давом этган судлашув, баҳс ва шов-шув шу тариқа якунланди.

“Долина эффекти”: жамият учун жиддий сигнал

Бу воқеа ҳуқуқий муҳитда “Долина эффекти” деган атама пайдо бўлишига олиб келди. У бир нечта саволни кун тартибига чиқарди. Фирибгарлик қурбони бўлган сотувчига қай даражада ён бериш керак? Ҳалол харидорнинг ҳуқуқлари қандай ҳимояланади? Инсон ҳолати ва қонуний ҳужжатлар ўртасидаги чегара қаерда?

Мутахассислар бу ишни Россия кўчмас мулк амалиётидаги энг баҳсли суд жараёнларидан бири, деб баҳолашмоқда.

Лариса Долина билан боғлиқ мазкур тарих шон-шуҳрат ҳам инсонни фирибгарликдан асраб қолмаслигини, суд қарорлари ҳар доим ҳам оддий ва бирёқлама бўлмаслигини, кўчмас мулк масаласида эса ҳушёрлик ҳаётий аҳамиятга эга эканлигини яна бир бор исботлади.

Акбар Фатҳуллаев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг