Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сирдарё ва Жиззахда юз минглаб беморлардан асоссиз пул олингани маълум бўлди

Сирдарё ва Жиззахда юз минглаб беморлардан асоссиз пул олингани маълум бўлди

Рақобат қўмитаси томонидан аҳолига кўрсатилаётган пуллик тиббий хизматлар нархларининг шакллантирилиши юзасидан ўтказилган текширувларда қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Ўрганишлар натижасида Сирдарё ва Жиззах вилоятидаги тиббиёт муассасалари томонидан қарийб 350 минг нафар истеъмолчидан жами 440 миллион сўмга яқин маблағ асоссиз олингани маълум бўлди.

Энг йирик қонунбузилиш ҳолати Сирдарё вилоятида қайд этилди. Гулистон тиббиёт кластерида ўтказилган текширувлар давомида муассаса 2024 йилда кўрик хизматлари бўйича билвосита харажатларни тақсимлаш коэффициентини ҳисоблашда хатоликка йўл қўйгани аниқланган.

Натижада 110 турдаги пуллик тиббий хизмат бўйича қарийб 100 минг нафар истеъмолчи билан ҳисоб-китобларда хатоликка йўл қўйилиб, муассаса томонидан 340 миллион сўмга яқин асоссиз даромад олинган.

Рақобат қўмитаси маълум қилишича, мазкур ҳолатлар «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун талабларига зид ҳисобланади. Қонунга мувофиқ, хизмат кўрсатувчи ташкилот истеъмолчига хизмат ҳақида тўғри ва тушунарли маълумот бериши ҳамда кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олиши мумкин эмас.

Шу муносабат билан Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси махсус комиссияси томонидан Гулистон тиббиёт кластерига нисбатан қарийб 340 миллион сўм маблағни истеъмолчиларга қайтариш бўйича мажбурий кўрсатма берилди.

Жиззах вилоятидаги текширувларда ҳам шунга ўхшаш ҳолат аниқланган. Республика Ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Жиззах филиалида 2023–2025 йиллар давомида пуллик тиббий хизматлар нотўғри ҳисоблангани маълум бўлган.

Текширув натижаларига кўра, мазкур филиал томонидан қарийб 40,5 минг нафар мижоздан жами 100 миллион сўмдан ортиқ маблағ асоссиз ундирилган. Ҳудудий бошқарма махсус комиссияси томонидан муассасага нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, ортиқча олинган маблағларни истеъмолчиларга қайтариш бўйича мажбурий кўрсатма берилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг