Тадбиркордан 63 минг доллар талаб қилган мансабдор қўлга олинди
Тошкент вилоятида фавқулодда вазиятлар тизимида фаолият юритувчи мансабдор шахс тадбиркордан катта миқдорда пул талаб қилгани аниқланди. У туман ҳудудидан оқиб ўтувчи учта сой қирғоқларини мустаҳкамлаш ва бетон плитали йўл ўтказгичлари қуришга оид умумий қиймати 5,04 млрд сўмлик шартномаларни олиб берганини рўкач қилган.
Мазкур шартномаларни гўёки вазирликдаги ҳамкасблари орқали маҳаллий масъулияти чекланган жамиятга расмийлаштириб берганини айтган мансабдор, корхона раҳбаридан 63 минг АҚШ доллари миқдорида «улуш» талаб қилган.
2026 йилнинг март-апрел ойларида у ушбу маблағнинг 24 минг долларини олгани ҳам маълум бўлди. Кейинчалик эса тадбиркордан қолган 39 минг долларни ҳам беришни талаб қилишда давом этган.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Шахсий хавфсизлик бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.
Унда мансабдор талаб қилинган пулнинг навбатдаги қисми — 25 минг АҚШ долларини олаётган вақтида қўлга олинди. Ҳолат унинг «Tracker» русумли хизмат автомашинасида содир бўлгани қайд этилди.
Тезкор тадбир давомида у ашёвий далиллар билан ушлангани расман тасдиқланди. Бу ҳолатда пул маблағларининг айнан талаб қилингани ва олингани ҳужжатлаштирилди.
Ҳозирда мансабдор шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Тергов органлари томонидан барча ҳолатлар юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Унга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилгани маълум қилинди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter