Танқиддан сўнг: Ромитандаги «домлар» таъмирланди
Жорий йилнинг октябрь ойида «Xabar.uz»да «Биз ўз уйимизда хавфда яшаяпмиз...» ваъдалардан чарчаган аҳоли» сарлавҳаси остида мақола эълон қилинган эди.
Унда Бухоро вилояти, Ромитан тумани марказидаги бир нечта кўп қаватли уйлар аҳволи аҳоли яшаш учун ноқулайлик туғдираётгани, мутасаддиларнинг ваъда бериб, амалда кўзбўямачиликдан нарига ўтмаётгани ва шу муаммолар атрофида айланаётган одамлар норозиликлари хусусида сўз борган эди.
Орадан кўп ўтмай, туман ҳокими Умид Барноев танқиднинг ўринли экани, айнан, шу оғриқли масалани ўз назоратига олганини билдирди.
Шундан сўнг кўп сонли аҳолини узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган муаммони бартараф этишга киришилган ва масала ижобий ҳал этилган. Ромитан туман ҳокимлиги ҳамда «Аслон Ислом қурилиш» бошқарув сервис компанияси томонидан кўп қаватли уйларнинг ташқи ва ички кўриниши, том қисми ҳамда электр энергияси етказиб берувчи кабеллар ва бошқа пардозлаш ишлари тўлиқ таъмирланиб, тузатиб берилган.
– Биз халқ хизматидамиз. «Дом»лар ҳақиқатан, таъмирталаб ҳолатга келиб қолган эди. Айни пайтда аҳолининг барча талаблари етарлича қаноатлантирилди. «Домлар» янги қиёфа касб этди. Одамларнинг кайфияти кўтарилди. Келгуси йил, 2026 йилда йўлакларни ҳам таъмирлаб берамиз, – деди «Аслон Ислом қурилиш» бошқарув сервис компанияси раҳбари Аслон Атоев.
Дарҳақиқат, таъмирталаб ҳолатга келиб қолган ва таъмирлаш ишларида ўз вақтида эътибор қаратилмаган кўп қаватли уйларнинг муаммолари бартараф этилган.
– Тўғриси, ваъдалардан чарчаган эдик. Танқиддан кейин уйлар таъмирланди. Танқид самарада берди. Жудаям хурсандмиз. Бунинг учун келиб асл ҳолатни ўрганган ҳамда муаммоларимизга бефарқ бўлмаган «Xabar.uz» таҳририяти жамоасига ҳамда мутасаддиларга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз. Байраму тўйларда хизмат қиладиган уй бўлди. Ва умуман, яхши ва фаровон яшашимиз учун масканларимизни чиройли, обод қилиб берганлар кам бўлишмасин, – дейишди фуқаролар.
Маълумот ўрнида: Туман ҳокимининг сўзига кўра, ўз вақтида муаммоларнинг ечимсиз қолиб кетаётганига эътибор қаратмаган ва аҳоли норозилигига бефарқ бўлган ҳоким ўринбосари ўз лавозимидан бўшатилган. Суриштирув давомида туман ҳокими ўринбосари Жўрақул Мустафоев дастлаб, бу масала бўйича интервью беришдан бош тортган ва ҳар икки сўзининг бирида «замҳоким сифатида ваъда бераман» дейишдан тўхтамай, «Компания раҳбарини дарахтга боғлаб қўяман!» – дея пўписа қилган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter