Тайван ҳукумати ҳар бир фуқарога 314 доллардан беришга қарор қилди
Тайван ҳукумати 2027 йилги бюджет лойиҳасига ҳар бир фуқарога бир марталик тўлов сифатида тарқатиш учун 235,7 млрд тайван доллари (тахминан 7,4 млрд АҚШ доллари) ажратди. Унга кўра, ҳар бир тайванликка 10 мингдан (314 АҚШ доллари) берилади.
Ушбу тўловлар «сунъий интеллект дивидендлари» деб аталмоқда. Бундай қарорга Тайван иқтисодиётининг рекорд даражада ўсиши сабаб бўлди. Хусусан, биринчи ярим йилликда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 14,15 фоизга ошди. Бу охирги 50 йил ичида айни шу давр учун қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир.
«Аҳолига пул тарқатиб, давлат камайиб қолмайди», буни расмийлар тилида ифодалаганда, ушбу дастур давлат қарзининг ошишига олиб келмайди.
Мамлакат президенти Уилям Лай таъкидлашича, иқтисодий кўрсаткичлар аввалги прогнозлардан анча юқори бўлган. Биринчи чоракдаги ўсиш суръати 15,43 фоизгача юқорилади, иккинчи чоракдаги дастлабки кўрсаткич эса 12,93 фоизни ташкил этди. Шу тариқа, мамлакат иқтисодиёти кетма-кет уч чоракдан буён икки хонали рақамлар билан ўсмоқда.
Ҳукумат яримўтказгичлар ишлаб чиқариш, ахборот-коммуникация технологиялари ва улар билан боғлиқ тармоқларни иқтисодий ўсишнинг бош ҳаракатлантирувчи кучи деб билмоқда. Бундан ташқари, жаҳон бозорида сунъий интеллект, юқори унумдорликка эга ҳисоблаш тизимлари ва булутли сервисларга талабнинг ортиши ҳам бунга катта туртки бўлди.
2027 йил бюджет лойиҳасида аҳолига тўғридан-тўғри пул тарқатишдан ташқари, иш ҳақини ошириш, солиқларни камайтириш, ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш ва инфратузилмани ривожлантириш ҳам кўзда тутилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter