Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«TBC»га алоқадор компания «OLX»ни сотиб олмоқда

«TBC»га алоқадор компания «OLX»ни сотиб олмоқда

Рақобат қўмитаси Бирлашган Араб Амирликларида рўйхатдан ўтган «Tapuz Limited» компаниясининг «OLX Classifieds» МЧЖ ХКдаги 100 фоиз улушни сотиб олиши бўйича аризасини кўриб чиқди.

Мазкур компания «OLX» савдо белгиси остида онлайн реклама хизматларини кўрсатувчи рақамли платформани бошқаради. Таҳлиллар жараёнида «Tapuz Limited»нинг асосий акциядори бўлган «TBC Bank Group PLC» Ўзбекистондаги «TBC Bank» рақамли банки ва «Payme» тўлов хизматига билвосита эгалик қилиши инобатга олинди.

Қўмита маълумотларига кўра, «Payme» ва «OLX Classifieds» рақамли платформалар соҳасида устун мавқега эга корхоналар рўйхатига киритилган. Шу боис битим рақобат муҳитига таъсири нуқтаи назаридан алоҳида ўрганилди.

Махсус комиссия ўтказган таҳлиллар якунларига кўра, иқтисодий концентрация битимига олдиндан розилик бериш ҳақида қарор қабул қилинди. Бироқ бу қарор бир қатор мажбурий талаблар билан бирга тасдиқланди.

Жумладан, «TBC Bank Group PLC» назоратидаги платформалар орқали «OLX» фойдаланувчилари учун хизмат кўрсатиш шартларига бир томонлама ва асоссиз таъсир кўрсатишга йўл қўйилмаслиги шарт қилиб белгиланди.

Шунингдек, «OLX» платформасида йиғиладиган маълумотлардан рақобатни чеклаш мақсадида фойдаланиш, рақобатчи компаниялар мижозларига оид маълумотларни ошкор қилиш ёки устун мавқени суиистеъмол қилиш тақиқланди.

Қўмита қарорида тўлов хизматлари соҳасида рақобатни сақлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Унга кўра, «OLX» платформасида хизматлар учун ҳақ тўлашда фойдаланувчиларни фақат «Payme» ёки «TBC Bank» иловаларидан фойдаланишга мажбурлаш мумкин эмас. Барча рақобатчи тўлов тизимлари учун тенг шароит яратилиши лозим.

Рақобат қўмитаси мазкур келишув амалга оширилиши жараёнида «Рақобат тўғрисида»ги қонун ва иқтисодий концентрация битимларини тартибга солувчи норматив ҳужжатлар талабларига қатъий риоя этилиши таъминланишини таъкидлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг