Тошкентда энг кўп одам қайси соҳада ишлаётгани маълум бўлди
Тошкент шаҳрида банд аҳоли сони бўйича энг катта улуш улгуржи ва чакана савдо соҳаси ҳиссасига тўғри келмоқда. Миллий статистика қўмитасига кўра, мазкур йўналишда 241,6 минг нафар фуқаро меҳнат қилмоқда.
Ишлаб чиқариш саноати 188,9 минг киши билан иккинчи ўринни эгаллаган. Қурилиш соҳасида эса 161,2 минг нафар аҳоли банд бўлиб, бу тармоқ ҳам пойтахт иқтисодиётининг асосий иш ўринлари манбаларидан бири сифатида сақланиб қолмоқда.
Шунингдек, таълим тизимида 139,4 минг нафар, давлат бошқаруви ва мудофаа ҳамда мажбурий ижтимоий таъминот соҳасида 118,6 минг нафар, ташиш ва сақлаш тармоғида эса 103,1 минг нафар фуқаро фаолият юритмоқда.
Пойтахтда бошқа турдаги хизматлар кўрсатиш соҳасида 96,2 минг нафар аҳоли иш билан таъминланган. Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида бандлар сони 79,1 минг нафарни ташкил этган.
Яшаш ва овқатланиш хизматларида 77,1 минг киши меҳнат қилмоқда. Профессионал, илмий ва техник фаолият билан шуғулланувчилар сони 71,2 минг нафарга етган.
Ахборот ва алоқа соҳасида 71,1 минг киши бандлиги қайд этилгани рақамли иқтисодиётнинг ўсиб бораётган аҳамиятини кўрсатади. Молиявий ва суғурта фаолиятида 43,5 минг нафар, кўчмас мулк операциялари соҳасида эса 31 минг нафар аҳоли меҳнат қилмоқда.
Энг кам бандлик қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги соҳасида кузатилган бўлиб, унда 5,8 минг киши ишлайди. Электр, газ ва ҳавони кондициялаш соҳасида 7,7 минг нафар, сув таъминоти ва чиқиндиларни бошқариш йўналишида эса 13,5 минг нафар аҳоли меҳнат қилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter