Туркистоннинг юрагида икки кун...
ЮНЕСКОнинг 43-бош сессиясида Туркия Республикаси номидан иштирок этиш учун Туркистон заминининг маркази бўлган Ўзбекистонга ташриф этишдан бениҳоя хурсанд бўлдик.
Туркистоннинг ҳар бир гўшаси биз учун муҳим, аммо Самарқанд ва Бухорони бағрида жамлаган Ўзбекистоннинг ўрни жуда бошқача. Орамизда илдизлари теран дўстлик бор, чуқур қардошлик ришталари мавжуд. Билге Хоқон томонидан Ўрхун ёдгорликларида «Сабим тукети эшитғил!» яъни «Сўзимни бошидан охиригача эшитгин!» деган сўзлар билан бошланган бу шодликда ва ғамда бирлик туйғуси минг йиллик тарихга ҳамда бошимиздан кечирган мусибатларга қарамай кундан-кунга кучайиб бормоқда. Туркларга хос бўлган бу виждон ва раҳм-шафқат идеали бугунги кунда дунёга ўрнак бўладиган қадриятларимизнинг ҳам рамзидир.
Ҳазрат Навоий,
Одами эрсанг, демагил одами,
Анинг ки, йўқ халқ ғамидин ғами.
деган мисраларида айнан шу идеал куйланади. Ёки, Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпоннинг бирлик ва ҳамжиҳатликка, Ватанга муҳаббатга урғу берган қуйидаги мисралари:
Бирлигимизнинг тебранмас тоғи,
Умидимизнинг сўнмас чироғи.
Бирлаш, эй халқим, келгандир чоғи,
Безансин энди Туркистон боғи.
Уйғон халқим, битсин ортиқ бунча зулумлар!
мисралари ёки бу қардошликка энг кўп эҳтиёж сезганимиз озодликни тарифларкан ишлатган бу мисралари бирлик ва бирдамлик идеалларимизга ҳамоҳангдир:
Эй Иноню, эй Сакаря, эй истиқлол эрлари,
Милли Мисак олинганча тўхталмасин, илгари!
...
Билолмаc ким «маданият» бешигига ўлтурғон,
Жаллодларнинг ҳамма таъма ва хирслари сизларда
...
Эй истиқлол, эй Сакаря, эй Иноню эрлари,
Юр, мазлумлар тўфонининг ўч олғувчи селлари!
Туркия-Ўзбекистон қардошлигини ёки менинг бу заминга бўлган муҳаббатимни тарифлаш учун шу каби минглаб мисоллар келтиришим мумкин. Орамизда ана шу юқорида келтирилган шодликда ҳам, ғамда ҳам бирлик ва бирдамликнинг намунаси бўлмиш биродарлик ришталари бор.
Миллий таълим вазири сифатида бизнинг бурчимиз ҳам шу дўстликни мустаҳкамлаш ва келажак авлодларнинг бу қардошлик атрофида янада кучлироқ жипслашишини таъминлашдан иборатдир. Сафаримиз давомида бу борада жуда муҳим қадамлар ташладик. Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозахон Каримова билан дўстлигимизни мустаҳкамлаш йўлидаги ҳамкорлигимиз доирасида ўзбек қардошларимиз учун Истанбулда очиладиган мактаб ва Тошкентдаги Турк мактаби учун ажратиладиган ер майдони ҳақида жуда самарали суҳбатлар ўтказдик.
Биз, Туркияда Президентимиз жаноб Ражаб Тоййиб Эрдўған раҳнамолигида келаси асрни таълимда Турк асрига айлантириш йўлидаги энг муҳим қадамларимиздан бири бўлган, янгиланган ўқув дастуримиздаги турли ўзгаришлар ва азалий дўстлигимизни мустаҳкамлаш йўлида қилган ишларимиз ҳақида гапириб бердик. Айниқса, инновацион жисмоний ва технологик инфратузилма, ўқитувчи кадрлар етиштириш жараёнлари, касб-ҳунар ва техник таълим, рақамли технологиялар ва таълимдаги сунъий интеллект иловалари, дарсликлар бўйича ўзаро ҳамкорлик қилишимиз мумкин бўлган соҳаларнинг кўплигини ва бу ҳамкорликни тезроқ бошлашнинг қанчалик зарурлигини кўрдик.
Шу доирада Туркия давлати сифатида олиб бораётган сиёсатимизни таълим дипломатияси шаклига айлантириш учун олиб бораётган ишларимизни муҳокама қилдик. Шу нуқтаи назардан, биз таълим дипломатиясини нафақат жисмоний ёки виртуал синфларда ўқитиладиган дарслар, балки халқларнинг умумий тақдирини белгиловчи стратегик бир жараён, бир жамиятнинг муваффақият ҳикоясини бошқа жамиятларга етказиш усули сифатида кўрамиз. Таълим соҳасида ўрнатган ҳар бир халқаро ҳамкорлигимиз негизида ўз асосий қадриятларимизни келажак авлодларга етказиш мақсади ётади.
Юсуф Текин,
Туркия Миллий таълим вазири


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter