Урсула фон дер Ляйен: “Ўзбекистонга доир ваъдамизни амалда бажардик”
Бугун, 24 октябр куни Брюссел шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Европа кенгаши президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен иштирокида Ўзбекистон Республикаси билан Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни (EPCA – Enhanced Partnership and Cooperation Agreement) имзолашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Ҳужжатга Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили / Европа комиссияси вице-президенти Кая Каллас ҳамда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов имзо чекди.
Европа комиссияси матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу ҳодиса 2025 йил 4 апрел куни Самарқандда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи – Марказий Осиё саммитидан сўнг минтақавий алоқаларнинг янги стратегик ҳамкорлик даражасига кўтарилгани ва уларнинг янада чуқурлашганининг ифодасидир.
ЕИ раҳбарияти янги битим икки томонлама муносабатларда муҳим ўрин тутишини таъкидламоқда.
“Самарқандда биз Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқаларни чуқурлаштиришга ваъда бергандик. Бугун эса биз Ўзбекистон билан узоқ йиллик ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлаб ушбу ваъдани амалда бажармоқдамиз. Кенгайтирилган ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги битим Ўзбекистон ва Европа Иттифоқига ўртасида фуқароларимизнинг ўзаро манфаатлари учун биргаликда ишлашга асос яратади. Бу аллақачон мустаҳкам бўлган шерикликни янада мустаҳкамлаш онидир”, – дейди Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен.
“Биз Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги стратегик ҳамкорларимиз қаторида кўришдан мамнунмиз. Кенгайтирилган ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги битим бизнинг умумий қадриятлар ва манфаатларга асосланган муносабатларни чуқурлаштиришга, мураккаб геосиёсий шароит ва иқтисодий ҳақиқатларга мослашишга бўлган қўшма интилишимизни намоён этади. Биз Ўзбекистон билан инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларни ҳимоя қилишни илгари суриш, фуқаролик жамияти иштирокини ва очиқ демократик жамиятни қўллаб-қувватлашни шериклигимизнинг асосий унсурлари сифатида тарғиб этиш йўлида ҳамкорликни давом эттирамиз”, – дейди ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас.
“Кенгайтирилган ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги ушбу битим Европа Иттифоқи – Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ва савдо алоқаларида янги даврни бошлаб беради. Савдо ва барқарор ривожланиш бўйича кенг қамровли йўналиш орқали биз янада барқарор савдони ривожлантириш, шунингдек, Европа ва Ўзбекистон истеъмолчилари, кичик ва ўрта корхоналар ҳамда бизнесни қўллаб-қувватлашни мақсад қилганмиз. Икки томонлама савдо ва инвестициялар ҳажмини кенгайтириш ва диверсификация қилиш орқали Кенгайтирилган ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги битим ўсиш, бандлик ва иқтисодий барқарорлик учун янги имкониятлар яратади ҳамда ҳар икки минтақанинг иқтисодий фаровонлигига ҳисса қўшади”, – дейди ЕИнинг савдо бўйича комиссари Марош Шефчович.
Мазкур битим сиёсий мулоқотни кучайтириш ва ўзаро манфаатли бўлган кўплаб соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш учун янги ҳуқуқий асос яратади. Булар жумласига савдо ва инвестициялар, барқарор ривожланиш ва транспорт алоқалари, интеллектуал мулк, илмий тадқиқотлар ва инновациялар, таълим, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши, шунингдек, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамияти киради. Шу билан бирга, ушбу битим ташқи сиёсат ва хавфсизлик сиёсати соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди, у можароларнинг олдини олиш ва инқирозларни бошқариш, хатарларни камайтириш, киберхавфсизлик, минтақавий барқарорлик, қуролсизланиш, оммавий қирғин қуролларининг тарқалишига йўл қўймаслик, қурол назорати ва экспорт назоратини ҳам қамраб олади.
Битим 2024 йилда Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида имзоланган Англашув меморандуми асосида, яшил ва рақамли ўтиш жараёнлари учун зарур бўлган муҳим хомашёлар соҳасида янги ҳамкорлик йўналишларини очади. “Глобал дарвоза” ташаббуси ва Транс-Каспий транспорт коридори орқали минтақавий алоқадорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон 2021 йил апрель ойидан бошлаб Европа Иттифоқининг Бош имтиёзлар тизими (GSP+) доирасида барқарор ривожланиш учун махсус имтиёзли режим орқали Европа Иттифоқи бозорига бир томонлама преференциал кириш ҳуқуқидан фойдаланиб келмоқда.
2023 йил 22 ноябр куни Ўзбекистоннинг GSP+ бўйича бенефициар мақоми яна тўрт йилга, яъни 2027 йил 31 декабрга қадар узайтирилганди.
Кенгайтирилган ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги битим доирасидаги савдо ва иқтисодий қоидалар GSP+ имтиёзларини тўлдиради, хусусан, Ўзбекистоннинг GSP+ иштирокчиси сифатида барқарорлик бўйича мажбуриятларини мустаҳкамлайди.
Ўзбекистон Марказий Осиёда Европа Иттифоқининг иккинчи йирик савдо ҳамкори ҳисобланади. GSP+ дастури Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини сезиларли даражада оширди 2024 йилда икки томонлама савдо ҳажми қарийб 4,8 миллиард еврога етди. Бу эса 2020 йилга нисбатан деярли икки баравар ўсишни англатади.
Кенгайтирилган ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги битим 1996 йилда имзоланган Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ўрнини эгаллайди.
Эслатиб ўтамиз, янги битим лойиҳаси бўйича музокаралар 2019 йил февраль ойида бошланиб, 2022 йил июл ойида якунланган. Ҳужжат 2022 йил 6 июл куни Брюссел шаҳрида парафирланган.
9 та бўлим, 356 та модда ва 14 та иловадан иборат битим икки томонлама муносабатларнинг деярли барча соҳаларини қамрайди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter