Яқин Шарқдаги вазият: Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналарига 2 мингдан ортиқ мурожаат бўлган
Яқин Шарқдаги вазият кескинлашаётган бир шароитда Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатларидаги дипломатик ва консуллик муассасалари фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича доимий мониторинг олиб бормоқда.
Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, элчихоналар ва консуллик муассасалари ижтимоий-сиёсий ҳамда ҳарбий-сиёсий вазиятни 24 соат давомида кузатиб бормоқда. Шунингдек, қабул қилувчи давлатларнинг ташқи ишлар идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, фуқаролик муҳофазаси хизматлари ва авиация маъмуриятлари билан доимий ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш мақсадида элчихоналар ва консуллик муассасалари ҳузурида «тезкор линия»лар, шунингдек Ташқи ишлар вазирлигининг Call-маркази фаолият юритмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, минтақадаги Ўзбекистон фуқароларидан 2 144 та мурожаат келиб тушган. Барча мурожаатлар рўйхатга олиниб, уларни ҳал этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, фуқароларга манзилли консуллик ва молиявий ёрдам кўрсатилмоқда.
Фуқаролар асосан қуйидаги масалалар бўйича мурожаат қилмоқда:
- эвакуация масаласи
- авиарейсларнинг бекор қилиниши ёки бошқа санага кўчирилиши
- вақтинчалик турар жой билан таъминлаш
- мамлакатда қолиш муддати узайиши билан боғлиқ молиявий қийинчиликлар.
Маълум қилинишича, Дубай, Шаржа ва Доҳа аэропортларида “Ватандош” жамғармаси орқали бир гуруҳ фуқароларга молиявий ёрдам кўрсатилган.
Фуқаролар расмий веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқлар орқали эҳтиёт чоралари, авиарейслар ҳолати ва ҳаракатлар тартиби ҳақида мунтазам равишда хабардор қилиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига мувофиқ, Яқин Шарқдаги фуқароларни Ватанга қайтариш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан:
- Саудия Арабистонидан фуқароларни эвакуация қилиш ишлари олиб борилмоқда;
- Бирлашган Араб Амирликларидан «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси репатриация рейсларини ташкил этиш устида ишламоқда;
- авиакомпаниялар билан чартер рейслар бўйича келишувлар амалга оширилмоқда;
- минтақадаги авиация регуляторлари билан мувофиқлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, айрим давлатларда ҳаво ҳудудининг ёпилиши ва «ҳаво ҳужуми» режими жорий этилгани сабаб эвакуация имкониятлари чекланган. Шунга қарамасдан, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишлар узлуксиз давом этмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter