Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбийлари очликдан қийналяпти
Яқин Шарқ денгизларида навбатчилик қилаётган АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари экипажлари озиқ-овқат ва бошқа зарур воситалар етишмовчилигидан шикоят қилмоқда. Бу ҳақда USA Today хабар берди.
Ҳарбий хизматчиларнинг сўзларига кўра, кемаларда озиқ-овқат захиралари тугаб бораётгани сабабли порциялар қисқартирилган, овқат сифати эса ёмонлашган. Муаммо нафақат егулик, балки шахсий гигиена воситаларига ҳам тегишли. Айниқса, энг кўп экипажга эга Abraham Lincoln авиаташувчиси ҳамда Tripoli десант кемасида аҳвол чатоқ.
Таъминот узилишига минтақадаги кескин сиёсий вазият сабабчи (буни америкаликларнинг ўзлари юзага келтиришди). Ҳаво ҳудудининг ёпилгани ва денгиздаги хавфлар туфайли захираларни янгилаш имконсиз бўлиб қолди. АҚШ почта хизмати хавфсизлик ва логистика муаммолари туфайли ҳарбийларга уйидан келадиган жўнатмаларни етказишни тўхтатган. Ҳарбийлар нафақат тўлақонли «паёк»дан, балки яқинлари юборадиган ёрдамдан ҳам маҳрум бўлишяпти.
Таъкидланишича, бундай шароит ҳарбийларнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ҳозирда кемаларда озиқ-овқат ва зарур ашёларни тежаш тартиби жорий этилган.
Маълумот учун: Abraham Lincoln авиаташувчиси бортида 5 000 дан 5 600 нафаргача ҳарбий бор. Шундан тахминан 3 200 нафари кема экипажи ва 2 480 нафари авиация гуруҳи (учувчилар ва техниклар).
Tripoli десант кемаси ва унга ҳамроҳлик қилувчи кемалар гуруҳида жами 3 500 гача денгизчи ва денгиз пиёдалари бор. Кеманинг ўзида одатда 1 200 га яқин денгизчи ва 1 800 дан ортиқ денгиз пиёдалари хизмат қилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter