Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ёш ҳамширалар учун Европада ишлаш имконияти ошди

Ёш ҳамширалар учун Европада ишлаш имконияти ошди

GMA дипломи Германияда ўрта тиббиёт ходими сифатида ишлаш ҳуқуқини беради.

Фото: Германия элчихонаси

Тошкент шаҳридаги 1-сонли Абу Али ибн Сино номидаги Республика Жамоат саломатлиги техникуми базасида Германия тиббиёт академияси ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Германиянинг Ахен университет клиникаси (даволаш бўйича Европадаги иккинчи йирик клиника) ҳамда “Globogate Concept AG” компанияси ўртасидаги ҳамкорлик доирасида очилган клиника юқори малакадаги ўрта тиббиёт мутахассисларини Германия стандартлари асосида тайёрлаш, уларнинг касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва ҳамюртларимиз учун чет мамлакатларнинг нуфузли клиникаларида тажриба алмашиш, янги имкониятлар яратишни мақсад қилган.

Германия элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, янги тиббиёт академияси (GMA) ўзбекистонлик тиббиёт ходимларини немис стандартлари бўйича, шу жумладан, беш босқичли немис малака даражаси ва немис–ўзбек сертификати билан уйғунлаштирилган тил дастури (A1-B2) доирасида ўқитади.

Дипломатик ваколатхона ушбу лойиҳани халқаро ҳамкорлик, билимлар трансфери ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги умумий келажак учун кучли мужда деб баҳолаган.

Миграция агентлиги матбуот хизмати аниқлик киритишича, илгари Германияда тиббиёт соҳасида ишлаш истагидаги “ҳамширалик иши” йўналишида диплом эгалари билан шартнома қилинар ва улар Германия стандартларига кўра қайта тайёрланар эди. Номзодлар ушбу давлатга боргач, мослашиш учун яна  6-8 ой вақт сарфларди. Эндиликда бу жараённи Ўзбекистондаёқ амалга ошириш имкони яратилди.

Тиббиёт академиясининг очилиш маросимда ҳар икки томондан юқори мартабали вакиллари қатнашди. Фото: Миграция агентлиги

Академияга мақсадли қабуллар асосида Германияда ишлаш истагида бўлган номзодлар танлаб олинади.

Талабалар уч йиллик ўқиш давридаёқ Германия тиббиёт стандартлари асосида таҳсил олиб, икки давлат томонидан тан олинадиган диплом ва B2 даражадаги немис тили сертификатига эга бўлади.

Шунингдек, Германияда фаолият юритаётган мутахассисларимиз оила аъзоларини ҳам ўзлари билан олиб бориш имкониятига эга бўлади.

Аввал хабар берганимиздек, барқарор касбий истиқболларни яратиш ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида кадрлар билан таъминлашга кўмаклашишга қаратилган лойиҳа пойдевори 2024 йил ноябрь ойида қўйилган эди. Ўшанда  Миграция агентлиги ва “Globogate Concept AG” компанияси раҳбарлари тегишли ҳужжатга имзо чекканди.

Маълумот ўрнида, Германия канцлери Олаф Шольцнинг 2024 йил 15-16 сентябрь кунлари Самарқандга ташрифи чоғида бир қатор муҳим ҳужжатлар қаторида Миграция ва мобиллик соҳасида ҳар томонлама шериклик тўғрисида ҳукуматлараро битим ҳам имзоланганди.

“Германия кўплаб соҳаларда, масалан, соғлиқни сақлаш ва беморларни парваришлашда ишчи кучи ва малакали мутахассисларга муҳтож. Шу билан бирга, кўплаб ўзбекистонлик ёшлар Германияда яхши, малакали ўқиш ва ишга жойлашишга қизиқиш билдирмоқда. Бу ерда пухта тайёрланган, тиришқоқ ишчилар учун катта имкониятлар мавжуд. Битим тузиш орқали Германия айнан уларга мурожаат қилмоқда”, – дейилади Германия элчихонаси жорий йил февраль ойида тарқатган хабарномада.

Икки давлат таълим бўйича ҳам ҳамкорликни кучайтирмоқда. Жумладан, ўтган йили Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида Ўзбек–немис факультети очилганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг