Тўқаев Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев номига мактуб йўллади.
Унда Тўқаев Бухоро шаҳрига амалий ташрифи чоғида кўрсатилган меҳмондўстлик ва самимият учун миннатдорлик билдирган.
Президент Бухорони нафақат Марказий Осиё, балки жаҳон цивилизациясининг дурдонаси сифатида баҳолаб, унинг бугунги қиёфасини Янги Ўзбекистон сиёсати натижаси деб таъкидлаган.
Шунингдек, Бухорода ўтган учрашув ва музокаралар икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилган.
Мактубда эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича топшириқлар берилгани, «Тоза ҳаво» қўшма ташаббусига алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам таъкидланган.
«Остонага қайтгач, эришилган ва тасдиқланган келишувларни амалга ошириш, шунингдек, мамлакатингизнинг турли соҳалардаги фойдали тажрибасини ҳисобга олиш бўйича аниқ топшириқлар бердим. «Тоза ҳаво» қўшма ташаббусига алоҳида аҳамият бераман», – деб ёзади у.
Тўқаев, шунингдек, архив материаллари тақдим этилгани учун алоҳида миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонни Қозоғистоннинг стратегик шериги ва иттифоқчиси сифатида эътироф этган.
Маълумот учун, қўшни давлат етакчисининг Бухорога ташрифи доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев унга Қозоғистон учун катта маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган архив материалларини тақдим этганди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter