Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Илҳом Алиев: «Ўзбекистон – Қорабоғни тиклашда ёрдам ташаббуси билан чиққан биринчи давлат»

Илҳом Алиев: «Ўзбекистон – Қорабоғни тиклашда ёрдам ташаббуси билан чиққан биринчи давлат»

Фото: Президент матбуот хизмати

«Ўзбекистон – Озарбайжон учун қардош мамлакат, ишончли иттифоқчи. Бизни муштарак илдизлар, маънавий қадриятлар, тил, этник яқинлик, бой тарихий ва маданий мерос бирлаштириб туради. Асрлар давомида қардош халқларимиз ўзаро илиқ муносабатда бўлиб, бир-бирини чуқур ҳурмат қилган. Бугун давлатлараро муносабатларимиз ана шу мустаҳкам пойдевор асосида муваффақиятли ривожланиб бораётгани қувонарли, албатта», – дейди Озарбайжон Республикаси президенти Илҳом Алиев.

Озарбайжон етакчиси бу ҳақда Тошкент шаҳрида ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви олдидан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига берган интервьюсида таъкидлаган.

Маълумот ўрнида: Илҳом Алиев Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувида фахрий меҳмон сифатида учинчи бор иштирок этади. Бунга қадар у 2023 йил Душанбеда ва 2024 йил Остонада бўлиб ўтган машваратда қатнашганди.

“Озарбайжон ва Марказий Осиё мамлакатлари стратегик аҳамияти тобора ортиб бораётган умумий тарихий-маданий, географик ва геосиёсий маконни барпо этмоқда. Бир қарашда Озарбайжонни Марказий Осиё давлатларидан ажратиб турган Каспий денгизи, аслида, давлатларимизни жипслаштирувчи муҳим омил ҳисобланади. Бугун ушбу денгиз шунчаки географик тушунча эмас, балки стратегик бирлик, иқтисодий салоҳият ва халқларимизнинг тарихий ҳамкорлиги рамзидир. Мамлакатларимизни нафақат географик яқинлик, балки тарихий-маданий алоқалар, муштарак диний ва маънавий қадриятлар, урф-одатлар бирлаштириб туради”, – дейди Илҳом Алиев.

Қайд этилишича, Озарбайжон минтақадаги барча мамлакатлар билан ҳамкорликни энг юқори даражада ҳар томонлама ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади. Икки томонлама асосда ўрнатилган мазкур стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари, шунингдек, фаол сиёсий мулоқот, ўзаро ташрифлар ушбу жараён муваффақиятли кечишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Сўнгги бир неча йил ичида давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари ва мулоқотлари динамикаси муносабатлар юқори даражада эканини яққол намоён этмоқда. Хусусан, охирги 3 йил ичида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Озарбайжонга 30 га яқин ташрифни амалга оширди. Озарбайжон раҳбари эса худди шу даврда қардош мамлакатларга 13 марта келган.

“Ҳозирга келиб, Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар энг юқори – иттифоқчилик даражасига кўтарилган. Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев билан ўртамизда шаклланган ишончли ва дўстона шахсий муносабатлар ҳам икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда муҳим омил ҳисобланади. Ўзбекистон етакчисининг давлатлараро муносабатларимиз ривожига қўшаётган шахсий ҳиссаси, кенг кўламли ҳамкорликни изчил мустаҳкамлаш масалаларига қаратаётган доимий эътиборини алоҳида таъкидламоқчиман. Қардош Ўзбекистон раҳбари, атоқли давлат арбоби, Озарбайжоннинг яқин дўсти президент Шавкат Мирзиёевни юртимизда қабул қилиш биз учун доим катта шараф ва мамнуният бағишлайди. Ўтган бир ярим йил давомида бундай ташрифлар беш марта юз берди. Буларнинг бари муносабатларимизнинг юқори суръатидан далолат”, – дейди Озарбайжон етакчиси.

Муносабатларни ривожлантириш стратегиясини белгилашда 2023 йил август ойида таъсис этилган Олий давлатлараро кенгаш ҳам алоҳида ўрин тутади. Ўзаро давлат ташрифлари доирасида – 2024 йил 22 август куни Тошкентда ва 2025 йил 2 июлда Бокуда ушбу тузилма йиғилишлари бўлиб ўтди.

“Ўзбекистон Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини доимо қўллаб-қувватлаб келган. Фурсатдан фойдаланиб, қардош Ўзбекистонга Қорабоғни тиклаш, хусусан, Фузулийда ҳозир 600 нафарга яқин ўқувчи таҳсил олаётган буюк ўзбек олими Мирзо Улуғбек номидаги мактаб қурилишига қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдираман. Ўзбекистон Қорабоғ минтақасини тиклашда ёрдам кўрсатиш ташаббуси билан чиққан дунёдаги биринчи давлат бўлди. Биз буни мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги ҳамжиҳатлик, дўстлик, биродарлик ифодаси сифатида доимо ёдда сақлаймиз”, – дейди И.Алиев.

Таъкидланишича, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик нафақат икки томонлама форматда, балки халқаро майдонда ҳам муваффақиятли ривожланмоқда. Озарбайжон ва Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотининг фаол аъзолари ҳисобланиб, туркий бирликни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Бундан ташқари, ҳамкорлик БМТ, Қўшилмаслик ҳаракати, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, ОҲИЧК ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали тус олган.

“Қардош мамлакатга бўлажак ташрифни интизорлик билан кутяпман. Ҳар сафар Ўзбекистоннинг жадал ривожланишини, мамлакат халқи эришаётган улкан ютуқларни беҳад мамнунлик билан кузатаман. Кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, жамият ҳаётининг барча соҳалари изчил модернизация қилинаётгани мамлакатнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва мавқеини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда. Бу ютуқлар дўстим ва биродарим президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган, аниқ мақсадга йўналтирилган ва пухта ўйланган давлат сиёсати самарасидир”, – дейди И.Алиев.

Озарбайжон раҳбари интервью мобайнида икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги даражасини қониқарли деб баҳолаган.

“Ҳар икки томон ўзаро алоқаларни кенгайтириш учун катта ишлар қилмоқда, янги лойиҳаларни илгари суриб, қўшма ташаббуслар илгари суришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бугунги кунда Озарбайжонда Ўзбекистон инвестицияси иштирокидаги 120 га яқин тижорат ташкилоти рўйхатдан ўтган ҳолда, иқтисодиётнинг турли тармоқлари, жумладан саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, транспорт ва хизмат кўрсатиш соҳаларида муваффақиятли фаолият юритмоқда”, – дейди у.

Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо жадал суръат билан ривожланмоқда. Хусусан, 2024 йил ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 252 миллион долларни ташкил этди. 2025 йил январь-сентябрь ойларида ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 87,5 фоиз ўсиб, 319 миллион долларга етди.

Сармоявий ҳамкорлик ҳам мустаҳкамланмоқда. Бугунги кунга қадар Ўзбекистон Озарбайжон иқтисодиётига 21,8 миллион доллар сармоя киритган, Озарбайжон эса Ўзбекистон иқтисодиётига 183,5 миллион доллар инвестиция йўналтирган. 2023 йил умумий капитали 500 миллион долларлик, ҳам мамлакатларимиз ҳудудида, ҳам учинчи давлатларда лойиҳалар амалга оширишни кўзда тутган Озарбайжон – Ўзбекистон қўшма инвестиция компанияси ташкил этилди.

“Озарбайжон қардош Ўзбекистон билан иқтисодиётнинг барча тармоқларида ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор. Бунинг учун юксак сиёсий ирода ва улкан салоҳият мавжуд. Бугунги кунга қадар иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш учун ишончли ҳуқуқий асос яратган 200 га яқин ҳужжат имзоланган. Озарбайжон бундан кейин ҳам икки томон манфаатларига мос келадиган, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди”, – дейди И.Алиев.

Озарбайжон президенти транспорт, логистика ва энергетика соҳаларида икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболларини баҳоларкан, мамлакатларимизнинг “Ўрта йўлак” халқаро транспорт йўлагидаги иштироки алоҳида аҳамиятга эгалигини таъкидлаган.

Суҳбат давомида икки қардош ўлка ўртасидаги иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳолати юзасидан ҳам қимматли фикрлар билдирилган.

И.Алиев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 7-Маслаҳат учрашуви қардош халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик ришталарини мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлишига ишонч билдирган.

Аввал хабар берганимиздек, 2024 йил август ойида Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Озарбайжон Республикаларининг Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланганди.

Жорий йил октябрь ойида президент Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг Габала саммитида қатнашиб, туркий дунёнинг бирдамлигини мустаҳкамлаш, жаҳон сиёсати, иқтисодиёти ва гуманитар соҳадаги ролини оширишга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Жорий йил август ойида “Аваза” миллий туризм зонасида “Озарбайжон – Туркманистон – Ўзбекистон” форматидаги музокара ҳам бўлиб ўтди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг