IBA россиялик боксчи Абдумалик Халоковнинг қулоғини тишламаган деб топди
2–13 декабрь кунлари Дубай шаҳрида бўлиб ўтган IBA эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг 60 кг вазн тоифасидаги финал баҳсида Абдумалик Халоков (Ўзбекистон) ва Всеволод Шумков (Россия) ўртасида юз берган «қулоқ тишлаш» эпизоди бўйича соҳа экспертлари томонидан текширув ўтказилганини маълум қилди. Ўрганишлардан сўнг жанг натижаси ўзгаришсиз қолдирилган.
Қайд этилишича, ўша кунги баҳсни бевосита кузатиб турган ҳакам ҳам вазиятни тўлиқ кўриб турган ва бу ҳолат жангга аралашишни талаб қилмайди деб ҳисоблаган. Видеотакрорларни ўрганиш ҳам жанг дарҳол ва тўғри давом этганини, Халоков ҳеч қандай жароҳат ёки эътироз белгиларисиз фаол курашни давом эттирганини тасдиқлаган.
«Гарчи бундай вазиятга тушиш IBA қоидаларига кўра тақиқланган бўлса-да, расмий шахслар ҳар бир ҳолатни реал вақт режимида унинг жиддийлиги, мақсади ва жангга таъсирини ҳисобга олган ҳолда баҳолашлари шарт. Мазкур ҳолатда ҳакамлар гуруҳи вазиятни баҳолади, Жаҳон чемпионати техник делегати эса якуний хулосани берди. Тадбир якунига қадар Ўзбекистон делегацияси томонидан ҳеч қандай апелляция берилмаган. Шу сабабли, расмий натижани ўзгартириш ёки медаллар жадвалига тузатиш киритиш учун ҳуқуқий асослар мавжуд эмас», – дейилади Халқаро бокс ассосиацияси баёнотида.
Шу билан бирга, тўлиқ шаффофликни таъминлаш ва спорт стандартларини ҳимоя қилиш мақсадида, ушбу масала Бокс бўйича мустақил коррупцияга қарши кураш бўлими (BIIU) томонидан ҳам кўриб чиқилиши маълум қилинди. Агар бўлим ушбу ҳаракатни қоидабузарлик деб топса, спортчига нисбатан молиявий жарима қўлланилиши мумкин.
«Мусобақаларимизнинг ҳалоллиги биз учун энг муҳим вазифа ва бу борада ҳеч қандай муроса бўлиши мумкин эмас. Биз ушбу эпизодни баҳолаш учун экспертларни жалб қилдик ва техник делегат томонидан тасдиқланган якуний қарорга келдик. Натижани ўзгартириш муддати тугагани сабабли, техник делегат масалани BIIUга юборишни ва агар лозим деб топилса, спортчига жарима белгилашни тавсия қилди. Таъкидлашни истардимки, ҳар қандай вазиятда спортчиларнинг манфаатлари биз учун устувор бўлиб қолади», – деди IBA бош котиби ва ижрочи директори Крис Робертс.
Эслатиб ўтамиз, Холоков ва Шумков баҳсидаги ушбу мунозарали вазият жангнинг учинчи раунди тугашига тахминан 50 сония қолганда, рақибларнинг клинч пайтида содир бўлган. Ушбу қисқа тўқнашувда Шумковнинг оғзи Халоковнинг қулоғига теккан, бироқ бу ҳаракат тасодифий деб баҳоланди ва жанг жараёнига ҳеч қандай таъсир кўрсатмагани айтилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter