Сунъий интеллект сувимизни «ичиб қўймоқда»
Бугунги кунда сунъий интеллект тизимлари бутун инсоният қадоқланган идишлардан ичаётгандан ҳам кўп сувни истеъмол қилмоқда. Patterns журналида чиққан тадқиқотга кўра шундай.
Сунъий интеллект 2024 йил охирида 5,3 дан 9,4 гигаваттгача қувват талаб қилган бўлса, 2025 йил охирида унга сарфланаётган қувват 23 гигаваттга етади. Йиллик ҳисобда бу 201,5 тераватт-соат дегани, агар сунъий интеллект мамлакат бўлганида, энергия истеъмоли бўйича 38 миллион аҳоли яшовчи Малайзиядан олдинда ва Мисрдан кейин дунёда 25-ўринни эгаллаган бўларди.
ChatGPT битта саволингизга жавоб бериш учун бир кишининг кунлик нормасидаги сувни истеъмол қилади.
Сунъий интеллект тизимларини совитиш учун жуда кўп сув сарфланади, аммо у буғланиб кетиб, маҳаллий сув ҳавзалари, шаҳарлар, қишлоқ хўжалиги ва саноатда «чанқоқлик»ка олиб келмоқда. Тадқиқотларга кўра, ҳозир жами инсоният қадоқланган идишлардан истеъмол қилаётгандан ҳам кўпроқ сувни сунъий интеллект «ичиб қўймоқда».

Улкан технология компаниялари булутли технологиялари билан мақтанишади, аммо қувурлар, насослар ва буғлатгичлар ҳақида миқ этишмайди. Google ёки Apple ҳали ҳам экологик ҳисоботларини бир томонлама эълон қилмоқда, Amazon эса маълумотлар марказларининг сув ва энергия ресурсларига таъсири ҳақидаги далилларни «темир сандиқ»да сақлаяпти.
2028 йилда АҚШда тахминан 35 гигаватт электр энергияси тақчиллиги юзага келиши прогноз қилинмоқда, сунъий интеллект бу инфратузилмага энг катта босимлардан бирига айланмоқда. Сув — деярли тилга олинмайдиган иккинчи тор ресурс. Инфратузилма бундай миқёсда қурилганда, эртами-кечми жисмоний чегаралар пайдо бўлади: қайсидир нуқтада ҳатто маҳаллий ҳокимият ҳам энергияга бўлган ортиқча юк туфайли «йўқ» дейишга мажбур бўлади, мувофиқлаштирувчилар мурватларни бурайди, янги маълумотлар марказларини қўядиган жой йўқ — ресурслар мутлақо етишмайди. Бу ёқимсиз мавзу, чунки жисмоний чекловлар чексиз ўсиш графиклари билан чиқишмайди. Аммо ҳозирги сунъий интеллект пойгаси қачонгача ва қаергача давом этиши барибир сувга бориб тақалаверади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter