Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АҚШга Эрондаги урушнинг бир куни қанчага тушаётгани айтилди

АҚШга Эрондаги урушнинг бир куни қанчага тушаётгани айтилди

АҚШнинг Эронга қарши олиб бораётган ҳарбий амалиёти қанча маблағ талаб қилиши мумкин — бу саволга ҳозирча аниқ жавоб йўқ. Мутахассислар фикрича, давом этаётган урушнинг умумий қийматини ҳисоблаш учун ҳали эрта.

Anadolu агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, «Эпик ғазаб» деб номланган амалиётнинг дастлабки 24 соатида АҚШ тахминан 779 миллион доллар сарфлаган бўлиши мумкин. 

Зарбадан олдинги ҳарбий тайёргарлик — жумладан, самолётларни қайта жойлаштириш, ўнлаб ҳарбий кемаларни сафарбар этиш ва минтақавий кучларни фаоллаштириш — яна 630 миллион долларга тушгани айтилади. 

Шу тариқа, амалиётнинг илк босқичи ўзиёқ 1,4 миллиард доллардан зиёд маблағни талаб қилган бўлиши мумкин.

АҚШнинг Center for New American Security таҳлил маркази маълумотларига кўра, USS Gerald R. Ford каби авиаташувчи ҳужумкор гуруҳни бир кун бошқариши тахминан 6,5 миллион доллар туради.

Бу эса фақат битта авиаташувчи гуруҳи учун ҳисоб. Амалда эса амалиётларда бир нечта денгиз ва ҳаво кучлари бир вақтнинг ўзида иштирок этади.

Харажатлар фақат ёқилғи ва логистика билан чекланмайди. Ҳарбий техника йўқотишлари ҳам катта молиявий юк ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, Қувайтда камида учта АҚШ қирувчи самолёти мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими хатоси туфайли йўқ қилинган. Замонавий қирувчи самолётнинг нархи ўнлаб миллион долларга баҳоланади.

Stimson Center эксперти Кристофер Пребл фикрича, молиявий жиҳатдан АҚШ бу харажатларни кўтара олади. Мамлакатнинг мудофаа бюджети йилига тахминан 1 триллион долларни ташкил этади, уни 1,5 триллион долларгача ошириш таклифи ҳам бор.

Бироқ мутахассислар асосий хавотир пул эмас, балки қурол-яроғ захиралари эканини таъкидламоқда.

Айниқса, баллистик ҳужумларни қайтариш учун қўлланиладиган ракета тутувчи тизимлар захираси тўхтовсиз ҳужумлар шароитида бир неча ҳафта ичида камайиб кетиши мумкин.

Муаммо шундаки, ушбу ракета тутувчи тизимлар фақат Яқин Шарқ учун эмас. Улар – Украинада Россия зарбаларига қарши ва – Ҳинд-Тинч океани минтақасида эҳтимолий хавфларга қарши ҳам мўлжалланган. Уларни бир йўналишга йўналтириш эса бошқа минтақалардаги мудофаа имкониятларини заифлаштириши мумкин.

Мутахассислар таъкидлашича, Patriot ёки SM-6 каби тутувчи ракеталар мураккаб технологик маҳсулот бўлиб, уларни оммавий равишда, қисқа муддатда ишлаб чиқариш мумкин эмас. Ишлаб чиқариш суръати чекланган.

Хулоса қилинадиган бўлса, агар амалиёт юқори интенсивликда давом этса, харажатлар ҳафтасига миллиардлаб долларга, бир неча ойда ўнлаб миллиард долларга етиши мумкин. Кенг кўламли қуруқлик амалиёти ёки минтақавий кенгайиш эса харажатларни юзлаб миллиард долларгача олиб чиқиши эҳтимолдан холи эмас.

Шундай қилиб, Эрондаги амалиётнинг молиявий томонидан кўра, унинг стратегик ва ресурс жиҳатидан барқарорлиги кўпроқ савол уйғотмоқда.

Манба: aljazeera.com

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг