Бельгия Британиядан Исроилга юборилган ҳарбий юкни мусодара қилди
Бельгия Британиядан Исроилга юборилаётган ҳарбий жиҳозлар партиясини мусодара қилди. Шу билан бирга, мамлакат Исроилга ҳарбий юк ташувчи самолётларнинг ўз ҳудудига қўнишини ва ҳаво ҳудудидан фойдаланишини тақиқлади.
Маълум қилинишича, мазкур юклар 23 март куни Британиядан жўнатилган ва 24 март куни Бельгиянинг Льеж аэропортида тўхтатилган. Текширув давомида юк таркибида ҳарбий самолётлар учун «отишни бошқариш тизимлари» ва эҳтиёт қисмлар борлиги аниқланган.
Мутахассислар ушбу юклар тўғри декларация қилинмаганини таъкидламоқда. Шу сабаб Бельгия ҳукумати томонидан жиноий тергов бошланган.
Жанубий Бельгия ҳукумати юк билан боғлиқ компаниялардан бири сифатида АҚШнинг Moog авиация корпорациясини тилга олган. Ушбу компания Исроил учувчиларини тайёрлашда қўлланадиган M-346 самолётлари учун қисмлар ишлаб чиқаради.
Манбаларга кўра, бундай юклар аввал ҳам Британиядан Бельгия орқали Исроилга юборилган. Жумладан, камида 17 та шундай партия қайд этилган.
Шунингдек, маълум бўлишича, юклар «ҳарбий эмас, авиация жиҳозлари» сифатида расмийлаштирилган. Бу эса лицензия талабларини четлаб ўтишга уриниш бўлиши мумкин.
Бельгия расмийлари таъкидлашича, бундай юклар учун махсус транзит рухсатномаси талаб этилади. Агар бундай рухсатнома сўралганида ҳам, у рад этилар эди.
Маълумот учун, 2024 йил сентябрида Британия ҳукумати Исроилга бериладиган 350 та лицензиядан 30 тасини вақтинча тўхтатган эди. Бунга сабаб сифатида ушбу қуроллар Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларда халқаро гуманитар ҳуқуқни бузиш хавфи борлиги кўрсатилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter