Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бойлиги билан уйга «қамалган» ака-ука қисмати

Бойлиги билан уйга «қамалган» ака-ука қисмати

фото: интернет, очиқ манба

Кольерлар Нью-Йоркнинг энг нуфузли, обрўли оилаларидан бири — Генри Кольер шифокор, Сюзи эса санъаткор эди. Катта кутубхонаси бор, газета ўқийдиган, пианино чала оладиган, ҳуқуқ ва муҳандисликни битирган икки йигитнинг ота-онаси вафот этганида Лэнгли 44, Гомер эса 48 ёшда бўлиб, улар ҳатто оила ҳам қурмаган эдилар.

Буюк депрессиядан олдин, ака-ука Кольерлар бой ва фақат оқ танлилар яшайдиган хавфсиз маҳаллада истиқомат қилишган. Кейинчалик ҳаёт қийинлашиб, буюк депрессия бошланди ва бадавлат оқ танлилар ўз уйларини бой бериб вайронагарчиликлар содир бўлди, жиноятчилик авж олди.

Лекин бу қийинчиликлар ака-укаларга бевосита таъсир қилмади, чунки уларда ота-онасидан қолган мерос ва пул бор эди. Гомер суғурта компаниясида ишлаган ва ерга сармоя киритган, Лэнгли эса нафақага чиққан ва пианино бизнесини бошлаган. Бироқ маҳаллада, юртда рўй бераётган ўзгаришлар уларга ўз таъсирини кўрсата бошлади. Aка-ука уйларини сотиб, деразаларини синдирган безорилардан, ўғрилардан узоқроққа кўчиб кетишлари мумкин эди, аммо улар ўзларини уйларидан ташқарида тасаввур қилишолмасди. Вақт ўтган сайин уларнинг ташқи дунё билан алоқаси камайиб борди. Чунки ака-ука ўзларини катта уйларидагина хавфсиз ҳис қилишарди.

1933 йилда Гомер инсультни бошидан ўтказди ва кўриш қобилиятини йўқотди, қисман фалаж бўлиб қолди. Лэнгли катта мерос ва жамғармаси туфайли ишни ташлаб, акасига ғамхўрлик қила бошлади. Лэнгли озиқ-овқат ва сув учун кечаси ташқарига чиқар ва девор ошишга мажбур бўларди (сув, электр энергияси, газ ва иссиқлик пул тўланмагани учун ўчирилган эди).

У уйининг деразаларини бекитиб ташлади, чақирилмаган меҳмонлар учун барча қаватларга «қопқон» қўйди. Яъни тўрт қаватли уйни кераксиз ашқол-дашқоллар билан тўлдирди: китоблар, чолғу асбоблари, эски газета тахламлари, турли автомобиль қисмлари билан гўёки ҳимоя деворларини яратди.

Улар ақл бовар қилмайдиган даражада бой эканликлари ва қалъага ўхшаш уйларида олтин ва олмосларни яширишаётгани ҳақида миш-мишлар тарқалди.  Фақат биргина журналист Лэнгли билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди. Лэнгли унга қисқача изоҳ берди: «Телефонни ўчириб, электрон почтани текширишни тўхтатганимизда қанчалик енгиллик ҳис қилганимизни тасаввур қила олмайсиз». Бошқача қилиб айтганда, ака-укалар гўёки «хавфли» цивилизациядан воз кечишганди.

Aка-ука бир неча йил давомида унутилган, аммо 1942 йилда полиция уларни ҳайдаб чиқариш учун эсга олади. Чунки Кольерлар ўн йилдан ортиқ вақт давомида уй тўловлари учун катта қарзга ботган эди. Полиция эшикни синдириб, эски-туски нарсалардан ясалган тузоқларни бузиб ташлади ва Лэнглини топди. У индамай уларга керакли миқдорга чек ёзди ва эшикдан кузатиб қўйди.

Ака-укалар қизиқиш ортиб бораётганлиги сабабли, Лэнгли яна журналистлар қуршовида қолди. Иккинчи интервюсида Лэнгли акасига қандай ғамхўрлик қилишини айтиб берди. Лэнгли ва унинг акаси шифокорларга ишонмасликларини, ўзлари тиббиётни яхши билишларини ва Гомерга ўзлари ташхис қўйиб, даволаётганликларини айтади. Лэнглининг иқрорича, у бемор акасига соғлом тушлик тайёрлайди, уни ювинтиради, ҳатто китоб ўқиб беради. Улар радио тинглашади ва бир-бирлари билан мулоқот қилишади. Қачонлардир Гомернинг кўриш қобилияти тикланса ўқиши учун Лэнгли уйда шу қадар кўп газеталар йиғадики...

   

Бир куни қўшнилар полицияга ёқимсиз ҳиддан шикоят қилди, улар ака-ука ўлган деб тахмин қилишади. Полиция ахлат уюмлари орасидан Гомерни ғалати ҳолатда топди. У латта халтага суяниб, устига эски мўйнали кийим кийиб олган, тиззалари букилган, боши эгилган ҳолатда ўтирарди.

«Мен Гомер Кольерман, адвокатман ва мен тирикман. Нега уйимга бостириб киряпсиз? Илтимос, менга исм-шарифингиз ва нишон рақамларингизни айтинг», — деб саломлашди Гомер полициячилар билан.

Сержант ундан нега ғалати ўтирганини сўради. Гомер бу ҳолатда ўтиришига сабаб касаллиги эканини айтади. 1920 йилнинг охиридан бери Гомерни акасидан бошқа одам биринчи марта кўриб туриши эди. 1947 йил март ойида полицияга яна қўшнилардан Кольерлар уйидан ҳид келаётгани ҳақида жуда кўп қўнғироқлар бўлди. Бу сафар Гомер ўтирган жойга етиб бориш, чиқиндиларни тозалаш ва тузоқларни зарарсизлантириш учун беш соат керак бўлди. Гомерни худди шу ғалати ҳолатда чириган стулда ўтирган ҳолда топдилар. У ўлган эди. Ташхислар шуни кўрсатдики, у чарчоқ, очлик ва юрак хуружидан вафот этган эди. Полиция унинг укасини қидира бошлади. У наҳотки Гомерни ташлаб кетган бўлса?

Ишчилар вайроналарни тозалашаётганда, бутун штат бўйлаб Лэнгли учун қидирув эълон қилинганди. Кичик Кольер фақат икки ойдан кейин, Гомердан атиги 10 метр узоқликда топилган. Лэнгли акасига овқат олиб келаётганда ўзлари яратган тузоқларидан бирига тушиб қолади. Отасидан қолган «Форд» машинанинг бир бўлаги унинг устига тушиб, ахлат кўчкисини юзага келтирган.

Кольерлар уйидан 120 тонна турли буюмлар олиб чиқилди.

Нью Йорк аҳолисининг ярми уйнинг қулашини томоша қилиш учун йиғилди. Уйдан 10 та роял ва тўртта пианино, 25 000 та китоб, расм ва ҳайкаллар тўплами, боулинг тўплари, аравачалар, велосипедлар, банкада сақланган икки бошли чақалоқ, скелет (эҳтимол бу уларнинг отаси шифокор Генри Кольерга тегишли) ва газеталар тўплами топилди. Тозалаш ишларидан сўнг ярим чириган уйни бузиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Баъзи нарсалар ким ошди савдосида сотилди ва Кольерлар мероси узоқ қариндошлар ўртасида тақсимланди.

Ҳа, улар дунёдан юз ўгириб бойлигини асраган, лекин айнан шу бойлик уларни тириклай қамаб қўйган эди.

Ушбу воқеа Америка тарихида «ҳаддан ташқари изоляция ва тўпловчилик» рамзига айланди. Ҳеч нарсадан воз кечолмайдиган ва бойликка «кўмилган»   шахсларга «Collyer’s syndrome» ёрлиғи ёпиштириладиган бўлди.

Кольерлар воқеаси фақат тарихий шов-шув эмас, балки ҳар ким учун ҳам сабоқ. Бойлик одамни жамиятдан узса, эшикларни ёпишга мажбур қилса, у ҳимоя қилмайди, бахт бермайди, балки уй ичига қамайди ва бу ҳалокатли якун топади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг