Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эрон Ҳўрмуз бўғозидаги блокада сабаб музокараларни рад қилмоқда

Эрон Ҳўрмуз бўғозидаги блокада сабаб музокараларни рад қилмоқда

Эрон ҳукумати Ҳўрмуз бўғозидаги портлар блокадаси давом этаётган бир шароитда АҚШ билан Покистонда ўтадиган музокараларда иштирок этишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда 19 апрель куни Эроннинг Tasnim давлат ахборот агентлиги хабар қилди.

Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги музокараларнинг биринчи босқичи 11–12 апрель кунлари Исломободда бўлиб ўтган ва натижасиз якунланган.

Tasnim маълумотига кўра, учрашувдан кейин томонлар воситачилар орқали мулоқотни давом эттирган. Бироқ Эрон делегацияси фикрича, АҚШнинг «ҳаддан ташқари талаб ва даъволари» туфайли музокаралар боши берк кўчага кириб қолган.

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп Truth Social тармоғида Америка делегацияси 20 апрель куни музокараларнинг янги босқичи учун Исломободга боришини маълум қилган эди.

Унинг сўзларига кўра, Вашингтон Теҳронга «адолатли ва мақбул келишув» таклиф қилмоқда.

«Улар буни қабул қилади, деб умид қиламан. Акс ҳолда, АҚШ Эрондаги барча электр станциялари ва кўприкларни ишдан чиқаради», – деган Трамп.

Шунингдек, у якшанба куни АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари Омон денгизида блокадани айланиб ўтишга уринган эрон юк кемасини ўққа тутиб, қўлга олганини айтган.

Кейинчалик АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) бу маълумотни тасдиқлади. Унга кўра, USS Spruance ҳарбий кемаси Бандар-Аббос портига йўл олган M/V Touska кемасини бир неча бор огоҳлантирганидан сўнг Араб денгизининг шимолий қисмида тўхтатиб, қўлга олган.

Бу воқеага жавобан, Эрон бирлашган ҳарбий қўмондонлиги АҚШни сулҳ келишувини бузишда айблаб, буни «денгиз қароқчилиги»да айблади ва жавоб чоралари кўрилишини билдирди.

Трампнинг музокаралар давом этиши ҳақидаги баёнотларига Теҳрон расман изоҳ бергани йўқ. Шу билан бирга, IRNA давлат агентлиги Покистонда янги музокаралар ўтказилиши ҳақидаги хабарларни рад этди.

Axios нашри маълумотига кўра, Эрон томони бу музокаралар АҚШ томонидан эҳтимолий тўсатдан ҳужумни яшириш учун ҳийла бўлиши мумкинлигидан хавотирда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг